Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

12

Мулк ҳуқуқи ҳимояси кучайтирилди


Мулк ҳуқуқи ҳимояси кучайтирилди

 

Ижтимоий таромоқларда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган уй-жой ва бино-иншоотлар бузилиши оқибатида компенсация пули ўз вақтида тўланмаганлиги, ер участкаси ажратиб берилмаганлиги аҳоли орасида норозиликлар келтириб чиқарганлиги ҳақида кўплаб мақолалар эълон қилинди.

Аҳоли ўртасида норозиликларга сабаб бўлган ҳолатларни бартараф этиш, уй-жой ва бино-иншоотларнинг бузилишини тартибга солиш мақсадида Президентимиз томонидан 2019 йил 3 август куни “Фуқаролар ва тадбиркорлик субьектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Ф-5491-сонли фармойиш қабул қилинди.

Фармойишга кўра, 2019 йил 5 августдан бошлаб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишлари 3 босқичда амалга оширилиши қатъий белгиланди.

Биринчи босқичда, ҳокимлар томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами Вазирлар Маҳкамасига киритилади; иккинчи босқичда, Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари бўйича ва молиявий ҳисоб-китоблар бўйича хулосалар тайёрланади; учинчи босқичда, хулоса Бош вазирга кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади.

Шунингдек, мазкур фармойишга асосан, ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар миқдорини хатловдан ўтказиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳлар таркиби, хатловдан ўтказишга кўмаклашиш учун ҳудудларга бириктириладиган масъуллар рўйхати, хатловдан ўтказиш ҳамда уларни қоплашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Фармойиш билан хатловдан ўтказиш бўйича ишчи гуруҳга фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарларни жойларга чиққан ҳолда хатловдан ўтказиб, уларнинг қонунчиликка мувофиқ бозор қиймати асосида ҳаққоний ва адолатли миқдорини белгилаш; етказилган зарарларни қоплашнинг аниқ манбалари белгиланиш, агар зарар мансабдор шахснинг ноқонуний қарори қабул қилиниши оқибатида етказилган бўлса – мазкур мансабдор шахслардан регресс тартибида ундириб олиш; айбдор мансабдор шахсларга жавобгарлик чоралари кўриш ҳамда қонун ҳужжатлари нормаларини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилиш вазифаси топширилди.

Фармойишга асосан Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда давлат дастурлари, йирик инвестиция ва бошқа лойиҳаларни ҳудуддаги кўпчилик аҳолининг фикрини инобатга олган ҳолда амалга ошириш, ер участкалари олиб қўйилишида уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг мулкдорлари билан очиқ муҳокамалар ўтказган ҳолда, биринчи навбатда, эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, шу жумладан фойдаланилмаётган объектлар билан банд бўлган ер участкаларини танлаб олиш, ҳокимлар томонидан ер участкаларини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилиш учун ушбу ҳудудда жойлашган турар ва нотурар кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг розилигини олиш ҳамда ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш бўйича ёзма келишув тузишни назарда тутувчи қарор қабул қилиш белгиланди.

Шунингдек, ер участкалари ноқонуний олиб қўйилганлиги муносабати билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш юзасидан Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ҳам топширилди.

Хулоса ўрнида, ўз вақтида қабул қилинган мазкур фармойиш мулк эгаларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари янада мустаҳкам ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлаш лозим.

 

Термиз шаҳар 2-сон давлат

нотариал идораси нотариуси                                Х.Бобоқулов