Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

Нотариат институти-янги босқичда


Нотариат институти-янги босқичда

 

Жисмоний ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларини амалга оширишда нотариат институтининг роли муҳим ҳисобланади.

“Нотариат тўғрисида”ги Қонунга асосан, Ўзбекистон Республикасида нотариат қонунларда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатларни нотариуслар томонидан амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институтдир.

Кейинги йилларда нотариат институтини янада такомиллаштириш, аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатишни тубдан ислоҳ қилиш бўйича бир қатор амалий ишлар қилиниб, хусусан, замонавий электрон тизимлардан фойдаланиш йўлга қўйилганлиги соҳанинг очиқ ва шаффофлигини таъминлашда беқиёс рол ўйнамоқда.

Нотариат институтини рақамлаштирилган моделга ўтказиш, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнларини тубдан соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 9 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5816-сон Фармони аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ва қулайликлар яратишга хизмат қилади.

Фармонга асосан 2020 йил 1 январдан хусусий нотариал идоралар ташкил этилиши белгиланган бўлиб, бу эса ўз навбатида аҳолига тезкор хизмат кўрсатилишига ҳамда хизматлар сифатининг ошишига олиб келади.

Шунингдек, барча нотариал идоралар нотариусларининг аъзолигига асосланган Ўзбекистон Нотариал палатасини ташкил этилиши ва унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб: нотариал идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ҳамда қонун ҳужжатларининг бир хилда қўлланилишини таъминлашга доир таклифлар ишлаб чиқиш; низоларнинг олдини олувчи институт сифатида нотариат ролини мустаҳкамлаш, нотариуслик касби нуфузини ошириш, шунингдек, нотариусларнинг касбий тайёргарлиги ва малакаси оширилишини ҳамда уларнинг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурталанишини ташкил этиш; ягона нотариал амалиётни таъминлаш чораларини кўриш, нотариал идоралар фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни тўплаш ва ўрганиш, ижобий иш тажрибасини оммалаштириш ҳамда нотариусларга услубий ёрдам кўрсатиш; аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш; давлат органлари, бошқа ташкилотлар билан муносабатларда, судда ва бошқа ҳолларда нотариусларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш; нотариуслар томонидан қонун ҳужжатларига, касб этикаси қоидалари ва касб мажбуриятларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш ҳамда уларнинг касбига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссияларига таклиф киритиш белгиланди.

Фармонга асосан, мол-мулклар билан боғлиқ битимларни тасдиқлашда ҳам бир қатор талаблар бекор қилинади.

Хусусан, 2020 йилнинг 1 январидан қурилиши тугалланмаган уй-жойларни сотишда ҳокимликларнинг рухсати, васийликдаги шахс номидан турар жойни ижарага (арендага) беришда васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги талаб этилмайди.

Бундан ташқари, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончнома , 2020 йил 1 январдан бошлаб корхонани ижарага, текин фойдаланишга бериш, бирламчи бозорда мол-мулкни лизингга бериш ва гаров (ипотека) шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинади.

Фармонга кўра 2020 йил 1 январдан қуйидаги янги нотариал ҳаракатлар жорий этилади: фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда судгача бўлган жараёнда далилларни таъминлаш; мулкий ва мерос масалаларида медиатор вазифаларини бажариш; муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектининг тақдим этилган вақтини тасдиқлаш.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 2020 йил 1 январидан кўчмас мулклар бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда МИБнинг ваколатларига кирадиган коммунал хизматлар бўйича қарздорликлар ҳақида маълумотлар фақат Бюронинг ахборот тизими орқали онлайн режимда текширилади.

Жорий этилиши белгиланган янгиликлардан бири агар тарафлар турли ҳудудларда бўлса, ўша ҳудуддаги нотариал идорада туриб видеоконференцалоқа орқали битимларни нотариал тасдиқлаши мумкин бўлади.

Мазкур фармон билан аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатишда юқорида кўрсатилганлардан бошқа ҳам қулайликлар яратилиши белгиланган бўлиб, хулоса ўрнида ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат нотариат институтини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидлаш мумкин.

 

Термиз шаҳар 2-сон давлат

нотариал идораси нотариуси                                                        Х.Бобоқулов