Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

Юридик хизмат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар


Юридик хизмат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар

Дарҳақиқат, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш йўлини танлаган мамлакатимизда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш бош тамойил ҳисобланади. Ушбу мақсад йўлида кейинги йилларда юртимизда туб ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён изчил давом этмоқда.

Маълумки, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва уларни янада такомиллаштириш, фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда маҳаллий давлат ҳокимияти, давлат бошқаруви органлари, ташкилот ва муассасалар юридик хизматларининг ҳам алоҳида ўрни бор.

Гарчи юридик хизматлар давлат органлари ва ташкилотларнинг норма ижодкорлиги, шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини амалга ошириб келган бўлса-да, қонунбузилишининг олдини олиш ҳамда ўз вақтида чоралар кўриш борасидаги фаолияти талаб даражасида эмас эди. Бунга уларнинг етарли ва таъсирчан ваколатларга эга эмасликлари сабаб бўлаётганди. Соҳани ислоҳ қилишга бўлган эътибор давлатимиз раҳбарининг юридик хизмат соҳасига, қолаверса юристларга бўлган ишончи ва эътиборининг қай даражада юқорилигини кўрсатди.

Олдимизга қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар, шу жумладан юридик хизмат ходимларининг бевосита иштирокида ишлаб чиқилган таклифлар асосида 2017 йилнинг 19 январь куни Президентимиз томонидан “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши юридик хизматлар фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаб берди ҳамда уларнинг мақомини янги босқичга кўтарди.

Қарорда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари мазкур органлар ва ташкилотлар иштирокида вужудга келадиган низоларни судгача ҳал этиш юзасидан мажбурий тартибда чораларни кўриши, буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик хусусиятга эга бўлган бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳуқуқий экспертизани амалга ошириш учун мажбурий тартибда юридик хизматга тақдим этилиши белгиланди.

Шунингдек, Қарор билан эндиликда шундай тартиб ўрнатилдики, унга кўра давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан, уларнинг ҳудудий тузилмаларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган минимал меъёр ва мезонларга асосан мажбурий тартибда юридик хизматлар ташкил этилади. Мазкур хизматнинг штат бирликлари қисқартирилишига асло йўл қўйилмайди.

Мазкур ҳужжат билан юридик хизмат ходимларига республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг тавсиялари бўйича, шунингдек ўз ташаббусига кўра адлия вазири томонидан мартаба даражаларини бериш тартиби жорий этилди. Бундан ташқари, юридик хизмат ходими сифатидаги меҳнат стажи ходим бошқа давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига ишга ўтганда мартаба даражалари ва кўп йиллик хизмат устамаларини тўлаш учун мўлжалланган меҳнат стажи ҳисобга олиниши белгиланиб, юридик хизмат ходимлари фаолиятини кафолатлаш ҳамда ташкилотда холислик принципини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалалари мажбурий тартибда адлия органлари билан келишиш тартиби жорий этилди.

Асосийси, юридик хизмат ходимлари ҳар чоракда судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган сумманинг 5 фоизи, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда мукофотланиши уларнинг ташкилот манфаатини ҳимоя қилиш бўйича янада шижоат билан хизмат қилишга ундайди.

Жорий этилган бундай янги тартиб юридик хизмат ходимларининг ўз функционал вазифаларини қонун доирасида юритишига мустаҳкам замин яратади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарор асосида юридик хизматларнинг тубдан такомиллашаётгани уларнинг самарали фаолият юритишига, мамлакатимизда қонун устуворлиги изчил таъминланишига хизмат қилади.

 

Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг

фаолиятини мувофиқлаштириш

бўлими етакчи маслаҳатчиси

Ж.Абдулазизов