Оилавий тадбиркорлик фаровонлик белгиси

Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиш нафақат мамлакат иқтисодиётини ривожлантиради, балки аҳолига қўшимча иш ўринлари яратиб, уларнинг турмуш шароитини яхшилашга ҳам ёрдам беради.

Шунинг учун ҳукуматимиз бугунги кунда асосий эътиборни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратмоқда.

Бу борада тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантиришга ёрдам берувчи бир қанча қонун ва қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

2012 йилгача мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни тартибга солувчи алоҳида қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжат йўқ эди.

2012 йил 26 апрелдаги “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун мамлакатимизда тадбиркорликнинг янада ривожланишига ҳисса қўшди.

Оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолиятидир.

Оилавий тадбиркорлик ўз иштирокчиларининг ихтиёрийлигига асосланади.

Оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳол­да амалга оширилиши мумкин.

Юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириладиган оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли оилавий корхонадир.

Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Оилавий корхона унинг иштирокчилари томонидан товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) ва реализация қилишни амалга ошириш учун ихтиёрий асосда, оилавий корхона иштирокчиларининг улушли ёки биргаликдаги мулкида бўлган умумий мол-мулк, шунингдек, оилавий корхона иштирокчиларидан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъектидир. Оила­вий корхона фаолияти унинг иштирокчиларининг шахсий меҳнатига асосланади. Оилавий корхона тадбиркорлик субъ­ектларининг таш­килий-ҳу­қуқий шаклларидан биридир.

Оилавий корхона фаолиятни фақат юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириши мумкин. Оилавий корхона ўз мулкида алоҳида мол-мулкка эга бўлиши, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Оилавий корхона тўлиқ фирма номига эга бўлиши лозим ва қисқартирилган фирма номига эга бўлишга ҳам ҳақли. Оилавий корхонанинг тўлиқ фирма номи унинг тўлиқ номини ва “oilaviy korxona”, деган сўзларни ўз ичига олиши керак. Оилавий корхонанинг қисқартирилган фирма номи унинг қисқартирилган номини ва “oilaviy korxona”, деган сўзларни ёки “ОК” аббревиатурасини ўз ичига олиши керак.

Оила бошлиғи, унинг хотини (эри), болалари ва набиралари, ота-онаси, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари (болалари ва набираларининг эрлари (хотинлари), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эрлари (хотинлари) ҳамда болалари, тоға ва амаки ҳамда амма ва холалари) оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин. Фақат муомалага лаёқатли шахс­лар оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин.

Давлат органларининг мансабдор шахслари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган бошқа шахслар оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин эмас.

Бир оилавий корхона иштирокчиси бир вақтнинг ўзида бошқа оилавий корхона иштирокчиси бўлиши мумкин эмас.

Юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларда оилавий корхона номидан унинг бошлиғи иш кўради.

Оилавий корхона иштирокчиларидан бири унинг бошлиғи бўлиши мумкин, унга оилавий корхонанинг барча иштирокчилари бир овоздан иш муомаласида ўз номларидан иштирок этиш ҳуқуқини беради.

Оилавий корхонанинг устав фонди пул маблағлари, қимматли қоғозлар, бошқа мол-мулк, шу жумладан, пул билан баҳоланадиган мулкий ҳуқуқлар ёки ўзга шахсга ўтказиладиган бошқа ҳуқуқлар ҳисобидан шакллантирилади. Ягона 
уй (квартира) оилавий корхонанинг устав фондига киритилиши мумкин эмас.

Оилавий корхона иштирокчилари оилавий корхонанинг устав фондига корхона таъсис шартномасида назарда тутилган тартибда ўзлари киритадиган мол-мулкни мустақил равишда белгилайди.

Оилавий корхонанинг устав фонди корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар тақдим этиладиган санадаги қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳа­қининг ўн баравари миқдоридан кам бўлмаслиги керак.

Оилавий корхона тураржойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилади.

Коммунал хизмат кўрсатиш, электр ва газ таъминоти корхоналари зарур коммуникация тармоқларининг оилавий корхона фаолияти амалга оширилаётган жойгача етказилишини ҳамда уланишини аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида таъминлайди.

Оилавий корхонанинг фаолиятини режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, оилавий тадбиркорликка мамлакатимизда кенг имкониятлар яратиб берилган ҳамда оилавий тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун билан тўлиқ кафолатланган.

Д.Ҳакимов, Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими 


Рўйҳатга қайтиш