Тадбиркорлик ва хусусий мулк – давлат ҳимоясида

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш борасида муайян ишлар амалга оширилиши натижасида, кичик бизнеснинг ялпи маҳсулот ишлаб чиқаришдаги улуши йилдан йилга ошиб бормоқда.

Адлия идоралари зиммасига юклатилган асосий вазифалардан бири хусусий мулк ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, назорат қилувчи идоралар, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан улар фаолиятига ноқонуний аралашишлари олдини олиш ва уларга барҳам бериш ҳамда ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашдан иборатдир.

Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан ўтган 2015 йил давомида белгиланган чора-тадбирлар асосида амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, тадбиркорлар ва хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун ҳужжатларининг ижросини назорат қилиш бўйича бир қатор салмоқли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, иш режа ва ариза-шикоятларга асосан ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан жами 101 та тақдимнома, 239 та огоҳнома 
ва кўрсатма киритилди, хатти-ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида 40 та баённомалар расмийлаштирилди, ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари кузатилган 5 нафар масъул ҳодимларнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш юзасидан прокуратура органларига 3 та, суд қарорларига протест киритиш ҳақида 5 та таклифлар киритилди. Тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулк эгалари манфаатларини кўзлаб судларга 97 та жами 948 825 904 сўмлик киритилган даъво аризаларининг 344 302 000 сўмлик 44 таси қаноатлантирилди. Тақдимномаларга асосан жами 102 нафар масъул ҳодимлар интизомий жавобгарликка тортилди, 39 та қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда қабул қилинган қарорлар бекор қилиниб, 46 та қонун ҳужжатларига номувофиқ қарорларнинг ижроси ҳаракатдан тўхтатилиши таъминланди, ноқонуний равишда ундирилган 3 150 360 сўм пул маблағларининг белгиланган тартибда эгаларига қайтарилиши таъминланди.

Хусусан, вилоят адлия бошқармаси томонидан Ангор туман Ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими фаолиятида 2014 йил ва 2015 йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш, аниқланган ердан фойдаланишга оид қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан уларга нисбатан маъмурий чораларнинг қўлланилишида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс талаблари ижроси ўрганиб чиқилди ва натижаси бўйича 148 та ҳолатда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ўрганишда аниқланган бу ва бошқа шу сингари қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан адлия бошқармаси томонидан 2015 йил 10 декабрда Ангор туман Ер ресурслари ва Давлат кадастр бўлимига киритилган тақдимномага асосан, тақдимнома кенгайтирилган йиғилишда мухокама қилиниб, бўлимнинг 39 та маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарорлари МЖтКнинг 330-моддаси асосида ҳаракатдан тугатилиб, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган бўлим масъул ҳодимлари М.Нормуродов ва Б.Худойқуловларга "хайфсан" интизомий жазо чораси қўлланилганлиги билдирилди.

Шунингдек, вилоят Адлия бошқармаси томонидан 2015 йилнинг ўтган даври мобайнида иш режага асосан жойларда ўтказилган текширишлар жараёнида Адлия вазирлигида 2011 йил 7 ноябрда 2280-сон билан рўйхатга олинган “Текширишларни рўйхатга олиш китобининг шакли ва уни тўлдириш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига риоя этилиши аҳволи юзасидан ҳамда тадбиркорлик субъектларида ўтказилган сўровлар орқали жами 1400 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларида мониторинглар ўтказилди.

Жумладан, вилоят адлия бошқармаси томонидан Термиз туманида тадбиркорлик субъектларида назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилган текширишларнинг қонунийлиги юзасидан амалга оширилган мониторинг давомида Термиз туман Давлат ветеринария бўлими томонидан “Наврўз наслчилик-чорвачилик” мажмуаси, ЯТТлар А.Соатов, С.Қодиров, Б.Норов, Т.Ортиқов, Б.Поянов ва М.Алланазаровлар фаолиятида жами 8 та ҳолатда ноқонуний текширишлар ўтказилганлиги ҳолатлари аниқланди.

Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судининг 2015 йил 14, 17 ва 21 апрель кунларидаги қарорига асосан туман Давлат ветеринария бўлими масъул ҳодимлари А.Химматов, Р.Гаффаров ва М.Ҳасановлар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2411-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдоридан жарима белгиланди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларида ноқонуний текшириш ўтказган туман Давлат ветеринария бўлимининг масъул ҳодимларига нисбатан тадбиркорлик субъектларига етказилган маънавий зарарни ундириш ҳақида Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судига даъво аризалари киритилган эди. Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2015 йил 16 декабрдаги ҳал қилув қарорларига биноан, Термиз туман Давлат ветеринария бўлими масъул ҳодимлари А.Химматов, Р.Гаффаров ва М.Ҳасановларнинг ҳар бирининг ҳисобидан ноқонуний текшириш ўтказилган тадбиркорлик субъектлари фойдасига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдоридан етказилган маънавий зарарни солидар тартибда ундириш белгиланди.

Сўз якунида шуни таъкидлаш жоизки, адлия органлари томонидан келгусида ҳам тадбиркорликка оид қонунчилик талабларига назорат қилувчи органлар масъул ҳодимлари томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш янада кучайтирилиб, тадбиркорлар ва хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилиниши юзасидан зарур чоралар кўриб борилади.

Б.Тожиев, Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари


Рўйҳатга қайтиш