Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

04

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 70 йиллиги


Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 70 йиллиги

Мамлакатда олиб борилаётган барча соҳадаги ислоҳотларнинг диққат марказида доимо инсон ҳуқуқлари, унинг эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш ётади. Шунга қарамай ушбу соҳадаги фаолият ҳануз муаммолардан холи деб бўлмайди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатини биргина ҳуқуқ билан белгилаб, таъминлаб бўлмайди, бунда жамиятнинг турли институтлари, халқаро ҳамжамият ҳам баҳамжиҳат фаолият юритиши керак.

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида инсон ҳуқуқлари бўйича ўз миллий тизмини яратган дастлабки давлатлардан ҳисобланади. Шу кунгача мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясининг халқаро тан олинган принциплари, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, коррупция ва одам савдосига қарши қарши курашиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида қатор миллий дастурлар, чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, махсус комиссиялар фаолияти йўлга қўйилди. Бу билан ушбу жараёнга давлат ташкилотларини бирдек жалб этиш, уларнинг жамият ва давлат, фуқаролар олдидаги вазифаларини аниқ белгилашга эришилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 70 та асосий ҳужжатга қўшилди, БМТ томонидан ушбу соҳада қабул қилинган 10 та асосий халқаро шартнома иштирокчисига айланди. Ўзбекистон Республикасида миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўз модели, инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши мониторинги миллий тизими шакллантирилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги энг асосий ва дунёдаги кўплаб давлатлар томонидан тан олинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ушбу соҳадаги халқаро ҳамжамият эришган энг катта ютуқлардан дейиш мумкин. Ушбу ҳужжат қабул қилинганлигига 70 йил бўлган бўлсада, дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари ҳам унинг нормаларини ўз ҳуқуқий тизимларига жорий қилиш учун ҳанузгача турли чораларни кўришда давом этмоқдалар. Хусусан, Декларациянинг Преамбуласида тилга олинган инсон  ҳуқуқлари тушунчаси аслида барча халқаро ҳуқуқ субъектлари учун бир маънода тушунилиши лозим. Лекин биламизки, инсон ҳуқуқлари жамиятдаги қадриятлар, менталитет, дин ва эътиқод мезонлари билан йўғрилганда бошқача маъно касб эта бошлайди. Шунинг учун Декларацияни имзолаган бўлишига қарамай, аёл ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини, болалар ҳуқуқлари ҳимоясини, уларнинг меҳнат ёши, таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаб бермаётган давлатлар ҳам мавжуд.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин қўшилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Демократик, ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлини танлаган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини жамиятни ривожлантириш ва давлат қурилишининг, бутун ички ва ташқи сиёсатининг энг устувор йўналиши этиб белгилади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган. Фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмлари яратилган ва улар амалда самарали жорий этилмоқда. Мамлакатда беш мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолият юритмоқда. Жамият ва давлат қурилиши соҳасида сиёсий партияларнинг роли сезиларли даражада ошди. Мустақил оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ривожланиб бормоқда. Улар аҳолининг сиёсий, ижтимоий фаоллигини ошириш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишнинг қудратли омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги Фармонига билан давлат, жамият ва фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг тамойиллари ва қадриятларига эътиборини кучайтириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ва бошқа чоралар тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, қонунчиликка ва давлат органларининг амалий фаолиятига инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш механизмлари ва тартиби самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган Тадбирлар дастури ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган Тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича Комиссиянинг тасдиқланиши, 2018 йил 10 декабрда мамлакатимиздаги барча мактаб, лицей, коллеж, олий таълим муассасаларида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган умуммиллий дарс ўтказилиши ва ушбу тадбирларга ОАВ воситаларининг фаол жалб этилганлиги белгиланганлиги бу борадаги ишларнинг самарасини янада оширади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, 14 моддадан иборат Декларация қабул қилинганлигига 70 йил бўлган бўлсада, унинг миллий ва халқаро ҳуқуқдаги, дунё давлатларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги аҳамияти юқорилигича қолмоқда. Сабаби унинг ишлаб чиқилиши давлатларнинг ҳақиқатда бирлашишга, инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ ҳамкорлик режасини ишлаб чиқишга бўлган эҳтиёжи юзага келган даврга тўғри келганлиги ҳамда универсал нормаларни қамраб олганлигидадир.

Муниса Бўриева

Сурхондарё вилоят адлиябошқармаси етакчи маслаҳатчиси