Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

08

Бола ҳуқуқларининг ҳимояси – устувор вазифаларимиздан биридир!


Бола ҳуқуқларининг ҳимояси – устувор вазифаларимиздан биридир!

 

Бугунги кунда мамлакатимизда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш зарурати тобора ортиб бормоқда.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларини ҳар томонлама ҳаётга татбиқ этиш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
ва қонунларида назарда тутилган болаларнинг ҳуқуқларини амалда кафолатлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий етук авлод бўлиб етишишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги ПҚ–4296-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ:

- ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар «Меҳрибонлик» уйларига жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқини бериш;

- болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатиш;

- болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланиши ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги;

- ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаган ҳолларда 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлилиги;

- болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилиниши мустаҳкамлаб қўйилди.

Шу билан бирга, Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини ўн саккиз ёш этиб белгиланди.

Эндиликда бола ҳуқуқларини янада ислоҳ қилиш мақсадида, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан “Меҳрибонлик” уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталарини ажратиш тартиби жорий этиладиган бўлди.

 

 

Термиз шаҳар адлия бўлими

бош маслаҳатчиси Жўрабек Абдулазизов