Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

30

МЕРОС МОЛ-МУЛКИ ҚАНДАЙ ТАҚСИМЛАНАДИ.


МЕРОС МОЛ-МУЛКИ ҚАНДАЙ ТАҚСИМЛАНАДИ.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига кўра, Меросхўр ўзига тегиши лозим бўлган меросни ёки унинг бир қисмини (улушини) олиш ҳуқуқига, агар у кейинчалик меросдан воз кечмаса, ворислик ҳуқуқидан маҳрум этилмаса ва уни меросхўр этиб тайинлаш тўғрисидаги васият фармойиши ҳақиқий эмас деб топилиши натижасида мерос олиш ҳуқуқини йўқотмаса, мерос очилган вақтдан эътиборан эга бўлади.

Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.

Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.

Меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли.

Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади.

Агар ишончномада вакил орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин.

Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.

Агар меросхўр васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам ворисликка чақирилса, у ана шу асосларнинг бири ёки ҳар иккаласи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан воз кечишга ҳақли.

Меросхўр улушнинг ортиши ҳуқуқи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан, мероснинг қолган қисмига ворисликдан қатъи назар, воз кечишга ҳақли.

Меросхўр меросдан воз кечганида васиятнома бўйича ёки қонун бўйича меросхўрлар жумласидан бўлмиш бошқа шахслар фойдасига воз кечаётганини кўрсатишга ҳақли.

Ушбу моддада назарда тутилган ҳоллардан ташқари мероснинг муайян қисмидан воз кечилишига, меросдан изоҳотлар билан ёки шартлар қўйиб воз кечилишига йўл қўйилмайди.

Меросни қабул қилиб олган қонун бўйича меросхўрлардан исталган бири мероснинг тақсимланишини талаб қилишга ҳақли.

Меросни тақсимлаш меросхўрларнинг келишувига кўра ўзларига тегишли улушларга мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса, суд тартибида амалга оширилади.

Мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар.

Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади.

Меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг мажбурий улушдан ортиқча қисмига нисбатангина ҳақиқийдир.

Агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтади (мерос трансмиссияси). Мерос трансмиссияси тартибида меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи бундай меросхўрнинг вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди.

Вафот этган меросхўрга тегишли меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрлари томонидан умумий асосларда амалга оширилиши мумкин.

Қонун бўйича ворисликда фарзандликка олинган шахс ва унинг авлодлари, бир тарафдан, фарзандликка олувчи шахс ва унинг қариндошлари, иккинчи тарафдан, туғишган қариндошларга тенглаштириладилар.

Фарзандликка олинганлар ва уларнинг авлодлари фарзандликка олинган шахснинг ота-онаси ҳамда бува-бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари вафот этганидан кейин қонун бўйича мерос олмайдилар.

Фарзандликка олинган шахснинг ота-онаси ҳамда бува-бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари фарзандликка олинган шахс ва унинг авлодлари вафот этганидан кейин қонун бўйича мерос олмайдилар.

Қонун бўйича ворисларнинг ҳар бир навбати аввалги навбатдаги меросхўрлар бўлмаган, меросдан четлаштирилган, меросни қабул қилмаган ёхуд ундан воз кечган тақдирда ворислик ҳуқуқига эга бўлади.

Қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислар

Мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.

Қонун бўйича иккинчи навбатдаги ворислик

Мерос қолдирувчининг туғишган ҳамда она (ота) бир ота (она) бошқа ака-укалари ва опа-сингиллари, шунингдек унинг ҳам ота, ҳам она тарафдан бобоси ва бувиси тенг улушларда қонун бўйича иккинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

Қонун бўйича учинчи навбатдаги ворислик

Мерос қолдирувчининг туғишган амакиси, тоғаси, аммаси ва холаси тенг улушларда қонун бўйича учинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

Қонун бўйича тўртинчи навбатдаги ворислик

Мерос қолдирувчининг олтинчи даражагача (олтинчи даража ҳам шунга киради) бўлган бошқа қариндошлари қонун бўйича тўртинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар, бунда яқинроқ қариндошлар узоқроқ қариндошларга нисбатан мерос олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.

Ворисликка чақириладиган тўртинчи навбатдаги ворислар тенг улушларда мерос оладилар.

Қонун бўйича бешинчи навбатдаги ворислик

Мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари, агар улар мерос трансмиссияси асосида мерос олмасалар, қонун бўйича бешинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

 

Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ф.М.Аллаёров