Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

06

Давлат-хусусий шериклигининг асослари


2019 йил 10 май куни Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун имзоланиб, бу соҳада амалга оширилаётган ишлар қонун билан тартибга солиниши мустаҳкамланди.

Мазкур қонун қабул қилингунига қадар мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш ва коммунал хўжалик каби соҳаларда давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш бўйича бир қатор амалий ишлар амалга оширилди.

         Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил                         20 октябрдаги “Давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий ва институционал базасини яратиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3980-сон қарори биланЎзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Қарорга асосан,  Агентлик давлат муассасаси шаклида ташкил этилиши  ва Ўзбекистон Республикасида давлат-хусусий шериклик соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича махсус ваколатли орган ҳисобланиши белгиланди.

Агентликнинг ташкил этилганлиги мамлакатимизда давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқишга катта эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради.

“Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунга асосан,  давлат-хусусий шериклик — давлат шериги ва хусусий шерикнинг муайян муддатга юридик жиҳатдан расмийлаштирилган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўз ресурсларини бирлаштиришига асосланган ҳамкорлигидир.

Мазкур қонунга кўра, лойиҳалаштирилиши, қурилиши, барпо этилиши, етказиб берилиши, молиялаштирилиши, реконструкция қилиниши, модернизациялаштирилиши, фойдаланилиши ва хизмат кўрсатилиши давлат-хусусий шериклик лойиҳасини рўёбга чиқариш доирасида амалга ошириладиган мол-мулк, мулкий комплекслар, ижтимоий инфратузилма, шунингдек давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш жараёнида жорий этилиши лозим бўлган ишлар (хизматлар) ва инновациялар-давлат-хусусий шериклик объекти ҳисобланади.

Давлат шериги тендер ёки тўғридан-тўғри музокаралар натижалари бўйича аниқланадиган хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиши белгиланган бўлиб,  тендерлар бир босқичли ёки икки босқичли бўлиши мумкин.

Умумий қиймати бир миллион АҚШ долларига қадар бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича бир босқичли, умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича икки босқичли тендер ўтказилади.

Қонунга кўра, давлат шериги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишувга кўра давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳуқуқи бўйича тендер ғолибини аниқлаш учун тендер комиссиясини шакллантиради.

Тендер комиссияси таркибига давлат шеригининг, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ва ваколатли давлат органининг вакиллари мажбурий тартибда киритилади.

Давлат шеригининг вакили тендер комиссияси раисидир. Ваколатли давлат органининг вакили тендер комиссияси таркибида маслаҳат овози билан иштирок этади.

Давлатнинг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлашда, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишнинг зарурий шарти ҳисобланган интеллектуал фаолият натижаларига доир мутлақ ҳуқуқлар, бошқа мутлақ ҳуқуқлар, ер участкаси, бошқа кўчмас мол-мулк объекти ва ўзга мол-мулк муайян шахсга тегишли бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари билан белгиланган ҳолларда тарафлар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни давлат шеригининг қарорига мувофиқ тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш асосида тендер ўтказмасдан тузиши мумкин.

Давлат шериги тендер ҳужжатларида баён этилган шартлар, муддатлар ва тартиб-таомилларга мувофиқ тендер ғолиби билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузади.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати уч йилдан кам бўлмаслиги ва қирқ тўққиз йилдан ошмаслиги керак.

Қонун билан шунингдек,  хусусий шерик ҳуқуқларининг кафолатлари, кредиторнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга оширилиши юзасидан мониторинг ва бошқа масалаларни амалга ошириш  тартиблари белгиланган.

 

Сурхондарё вилоят адлия

бошқармаси бўлим бошлиғи                                           Б.Гаффаров