Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

06

Хусусий мулк дахлсизлиги янада кучайтирилади.


Хусусий мулк дахлсизлиги янада кучайтирилади.

 

            Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига асосан, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг Конституцияда кафолатланган дахлсизлигини таъминлаш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд бўлиб, уларнинг ижросини янада кучайтириш, мансабдор шахсларнинг қонун ҳужжатларини бузганлиги учун жавобгарлигини янада ошириш мақсадида 2019 йил 13 августда Президентимиз томонидан “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги               ПФ-5780-сонли Фармон қабул қилинди.

Фармонга асосан Бош прокуратура ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил зиммасига хусусий мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказилишига, шу жумладан мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка, жумладан аввал хусусийлаштирилган мулкка тажовуз қилиш, мулкдорга қасддан номақбул шартларни, шу жумладан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишга доир асоссиз талабларни қўйиш, шунингдек, мулкни олиб қўйиш ёхуд мулк эгасини шахсий мулк ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қилишга йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат (контроль) ўрнатиш ва мансабдор шахслар томонидан суиистеъмол ва қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик юзасидан зарур чораларни кўриш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва бошқа қонун ҳужжатларига мулкдорларнинг хусусий мулк дахлсизлиги, ўзига тегишли бўлган мол-мулкка мустақил эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, мулкдорларга давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер майдонининг бозор қийматида тўлиқ қопланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритиши белгиланди.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларининг сўзсиз бажарилиши, мулк ва бошқа мулкий ҳуқуқлар бузилишига йўл қўйилмаслиги тамойилларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги бошқа бир қанча вазифаларни бажариш барча даражадаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари зиммасига юклатилди.

Фармоннинг яна муҳим жиҳатларидан бири, маҳаллий давлат ҳокимиятларига-тадбиркорлик субъектларини ўзларининг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишларига, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, темир-терсак ва макулатура йиғиш ҳамда бошқа ишларга мажбурий жалб қилиш; тадбиркорлик субъектларини ҳар қандай шаклда қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга (экиш ва йиғиб олиш ишларига) ва меҳнат ресурслари, пул маблағлари ва бошқа моддий бойликларни йўналтириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш; тадбиркорлик субъектлари иштирокида мажбурий тартибда, шу жумладан уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш тақиқланди.

2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда қишлоқ хўжалигида мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилиши белгиланиши, бу соҳада йўл қўйилаётган турли хил суистеъмолчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Мазкур фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, кичик бизнес ва тадбиркорликни, хусусий тадбиркорликнинг барча шаклларини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш агентликнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Фармонда шунингдек, тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан маълум сабабларга кўра фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларини ҳисобга олишнинг ягона ёндашувини таъминлаш, фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини,давлат ташкилотларининг бўш турган ер участкаларини хўжалик фаолиятига жалб қилиш ва сотиш тартибини жорий этиш ҳамда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа тадбирларни амалга ошириш бўйича нормалар белгиланган.

 

            Адлия бошқармаси

            бўлим бошлиғи                                                                           Б.Гаффаров