Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

03

Конституция – жамиятдаги янгиланишларнинг ҳуқуқий асоси


Ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў - эътибори унинг Конституцияси билан белгиланади.

Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган бош Қонундир.

Уни ишлаб чиқишда шахсан марҳум биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлик қилган бўлсалар, муҳокама этишда, бутун халқимиз иштирок этган.

Конституцияда умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари, ривожланган хорижий давлатларнинг ҳуқуқий амалиёти ҳамда ўзбек давлат тарихчилиги анъаналари, кўп асрлик миллий урф-одатларимиз, дунё алломалари томонидан тан олинган машҳур фиқҳшунос, ҳадисшунос бобоколонларимиз Ал Марғилоний, Ат Термизий, Ал Бухорий, Амир Темур, Абдурауф Фитрат ҳамда бошқа буюк аждодларимизнинг тарихий тажрибалари ва инсонпарварлик ғоялари чуқур сингдирилганлигини унинг ҳар бир моддасидан англаш мумкин.

Туб моҳиятига кўра ўзида илғор миллий ва умуминсоний ғояларни мужассам этган, бутун халқ ва барча қатламларнинг манфаатларини ифодаловчи мустақил Ўзбекистон Конституцияси Ватанимиз тараққиётида янги даврни бошлаб берди.

Конституция асосида халқимиз манфаатларига хизмат қилувчи қонунлар қабул қилишнинг ўзбекона йўли шаклланди, дейиш учун барча асослар мавжуд.

Конституция асосида бутунлай янги, демократик бошқарув тизими яратилди, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи экани, давлат ҳокимиятининг тизими - ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши тамойили белгиланди.

Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти ҳам демократик талаблар асосида қайта ташкил этилди, улар фаолиятида қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга устуворлик берилди.

Шунингдек, бошқа давлатларнинг Конституцияларида учрамайдиган ўзига хос ва ўзига мос қоидалар борки, унинг 66-моддасига мувофиқ, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурликлари белгиланган бўлиб, бу Асосий Қонунимизга азалий қадриятлармиз сингдирилганлигининг яна бир исботидир.

Бош Қомусимизда ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги ва бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши белгилаб қўйилган. Унинг асосида қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги қонун ҳамда «Кадрлар тайёрлаш» миллий дастурлари ўз самарасини бермоқда. Айниқса, ёшларга таълим олиш ва жисмоний тарбия билан шуғулланиш учун яратилаётган шароитлар ва бу борада жаҳон миқёсида эришаётган ютуқларимиз фикримизнинг яққол далили бўла олади.

Вояга етмаганларнинг таълимнинг барча босқичларида узлуксиз таълим олиши, уларнинг бандлигини таъминлаш давлатимизнинг доимий диққат эътиборида эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Маълумки, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, инсонпарварлик ғояларини ҳаётга татбиқ этиш бевосита оила билан боғлиқ бўлган жараёндир.

Бу эса, ўз навбатида Конституциямизда ўз ифодасини топган оила жамият негизини ташкил этиши, оиланинг давлат ва жамият ҳимоясида бўлиши, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза этилиши тўғрисидаги меъёрлар, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизга тўлиқ ҳамоҳангдир.

Миллий қадриятларимизнинг яққол ифодаси сифатида давлатчилигимиз тарихида биринчи марта “маҳалла” тушунчаси Конституциямизга киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва мақоми қатъий белгилаб қўйилди.

Маҳалла институтининг жорий этилиши “Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг амалий ифодаси бўлиб, маънавий ҳаётимизни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий-маънавий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бош Қомусимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиғини сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Унга кўра ҳар ким эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштириш - ислоҳотларнинг муҳим, таъбир жоиз бўлса, асосий йўналишларидан бирига айланди.

Суд инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя этишга хизмат қиладиган том маънодаги мустақил давлат институтига айлантирилди.

Жиноят процессининг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш кафолатланди.

Бугунги кунда суриштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнида «Хабеас корпус» институти самарали қўлланилиб, фуқарларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланиб келинмоқда. Унга кўра судга қадар иш юритув босқичида лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида амалга ошириш тартиби белгиланди.

Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз озодликдан маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким хақли эмаслиги ҳақида конституциявий нормалар таъминланишида муҳим ўрин тутмоқда. Пировардида фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатлари жиддий тарзда кучайтирилди.

Эътиборлиси, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши, ярашув институтининг қўлланганлиги, жиноят оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин эмаслиги ҳалқ манфаатига хизмат қилиб, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига яна бир бор беқиёс имкон яратибгина қолмасдан, давлатимизнинг инсонпарварлик ғояларига содиқлигини мустаҳкамлади.

Мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидаёқ, аҳолининг турмуш даражасини кўтариш, умумий иқтисодий соҳада муваффақиятларга эришиш учун кичик ва ўрта бизнесни, тадбиркорликни ривожлантириш муҳим ўрин тутиши ҳозирги ҳаётимизда яна бир бор ўз исботини топмоқда.

Мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожланиши ва аҳолининг турмуш даражаси ўсишини таъминлашда тадбиркорлик субъектлари, инвесторлар, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиниши алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, аҳолининг турмуш даражаси ҳамда онгу-тафаккуридаги ўсиш суръатлари - Конституциямизда белгиланган қоида ва тамойиллар шарофатидандир.

Шу мақсадда Конституцияни доимий ва чуқур ўрганиш, уни ҳаётимизнинг дастуруламалига айлантириш ва шу асосда ҳуқуқ ва эркинликларимизни рўёбга чиқариш барчамизнинг бурчимиздир.

Вилоят адлия бошқармаси

            бўлим бошлиғи        Ф.Рустамов