Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 451 11 48

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Yangiliklar

03
АДЛИЯ ТАДБИРКОРГА ДЎСТ

АДЛИЯ ТАДБИРКОРГА ДЎСТ

 

Адлия органлари томонидан ўзининг функционал вазифаларини амалга илгари сурилаётган янги ташаббуслар ва лойиҳалар амалиётда ўзининг ижобий самарасини бераётганлиги шубҳасиз.

Жумладан, Адлия вазирлиги илк маротаба янгича ёндашув асосида Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхонаси билан ҳамкорликда “Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳасини амалга оширмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида тадбиркорларнинг фикрлари ва таклифларини ўрганиш орқали уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларини ҳал этиш, тадбиркорларнинг молиявий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, давлат хизматларини кўрсатиш тизими ҳамда мазкур соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришни амалга ошириш режалаштирилган.

Бу борада туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ҳам тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш чоралари кўриб борилмоқда.

Жумладан, Музработ туман адлия бўлимига тадбиркор Қ.Расулов (“OYBEK AVTOTRANS” МЧЖ раҳбари) ўзи раҳбарлик қилаётган МЧЖ ва “Музработ пахта тозалаш” АЖ ўртасида 2017 йил 17 сентябрда Автомобиль транспортида ҳашарчиларни ташиш бўйича шартнома тузилганлиги ҳамда МЧЖ томонидан бир неча бор талаб қилинишига қарамасдан мазкур шартномага асосан бажарилган хизмат тўловлари ўз вақтида тўлаб берилмаётганлиги тадбиркорнинг моддий аҳволига таъсир қилган ҳолда ҳуқуқи бузилаётганлиги юзасидан мурожаат қилган.

Бўлим томонидан тадбиркорнинг ушбу мурожаати тақдим этилган ҳужжатлар асосида ўрганиб чиқилиб, асослар етарли деб топилди ва Шеробод туманлараро иқтисодий судига кўрсатилган транспорт хизмати учун тўланмаган асосий қарз ва пеня ундириш ҳақида (68 934 000 сўм асосий қарз ва 34 467 000 сўм пеня) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг тегишли моддалари талабига кўра даъво аризаси киритилиб, суд томонидан қаноатлантирилди.

Худди шунингдек, бўлим томонидан яна 2 та ҳолатда тадбиркорлар Б.Нормаматов (“SURXON BUNYODKOR LOYIHA” МЧЖ раҳбари) ва Ф.Эгамов (“Музработ автомобилларда юк ва йўловчи ташиш” МЧЖ раҳбари)ларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда иқтисодий судга жами 450 млн. сўмдан ортиқ миқдордаги даъво аризалари киритилиши таъминланди ва бунинг натижасида тадбиркорларнинг адлия органларига ишончи ортишига эришилди дейиш мумкин.

 

Музработ туман адлия бўлими бошлиғи                                 Дилдора Йўлдошева

02
Хизмат бурчини намунали ижро этиб келаётган юридик хизмат ходимлари Адлия вазирлиги томонидан рағбатлантирилди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг қонунчиликка риоя этишини таъминлашда юридик хизмат ходимлари ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Юридик хизмат ходимларининг орасида иш ҳажми ва масъулияти энг юқориларидан бири бўлиб туман ҳокимликларининг ҳуқуқшунослари ҳисобланади. Адлия вазирлиги томонидан юридик хизмат ходимлари ҳар тарафлама қўллаб-қувватланиб, амалиётдаги аниқланаётган муаммолар биргаликда бартараф этиб келинмоқда. Шу билан бирга, ўзига юклатилган вазифаларга масъулият билан ёндошиб, хизмат бурчини намунали ижро этиб келаётган юридик хизмат ходимлари Адлия вазирлиги томонидан доимий равишда рағбатлантириб келинмоқда. Жумладан, куни кеча Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғи билан Жарқўрғон туман ҳокимлигининг бош юрисконсульти Жўраев Бахтиёр Холмирзаевичга берилган “3-даражали юрист” махсус-унвон мартаба даражаси Жарқўрғон туман адлия бўлимида вазирлик марказий аппарати ҳамда вилоят адлия бошқармаси масъул ходимлари томонидан тантанали равишда топширилди.


Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини 

мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи  Ғайрат Тиловқобилов

02
Шартнома тушунчаси ва унинг турларини барчамиз билишимиз шарт

Шартнома тушунчаси ва унинг турларини барчамиз билишимиз шарт

 

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 8-моддасида шартномалар тарафлар ўртасида фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари вужудга келишининг асосларидан бири ҳисобланиши белгиланган.

Фуқаролик кодексининг 353-моддасида шартнома тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга кўра, икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади.

Шубҳасиз, бугунги кунда шартномаларга алоҳида аҳамият берилмоқда. Чунки шартномаларда бошқа юридик фактларга қараганда, тарафларнинг эрки-иродаси тўла ифодаланади. Шартномага киришувчи шахслар ким билан, қанча, қачон шартнома тузишни, у туфайли етказиб берилиши лозим бўлган пул, товар, ашёларни қайси муддатларда, қандай транспортларда етказилишини, тўлов амалдаги қандай шаклларда бўлишини мутлақо ўзлари, мустақил ҳал қиладилар. Улар шартномалар тузишда эркиндирлар, шартнома тузишга мажбурлашга йўл қўйилмайди.

Шартнома эркинлиги тамойилининг мазмуни Фуқаролик кодексининг                354-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Бунинг маъноси шундан иборатки, ҳеч ким уларни шартнома тузишга мажбур қила олмайди. Шартнома фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз хоҳишига кўра, ўз эрки иродаси билан тузилади. Албатта, уларни шартнома тузишга ундовчи сабаблар (мотив) турлича бўлиши мумкин: ўз эҳтиёжларини қаноатлантириш, фойда олишга интилиш, таъсис хужжатларида белгилаб қўйилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш ва ҳоказо. Баъзан, бошқа учинчи шахслар шартнома тузиш ҳақида талаб, таклиф ёхуд илтимос қилишлари мумкин. Бироқ ҳар қандай ҳолда ҳам шартнома тузиш ҳақидаги қарор фуқаро ёки юридик шахс томонидан мустақил, ўз эрки-иродаси асосида қабул қилинади. Шартнома тузиш вақтида фуқаро (юридик шахс раҳбари, вакили) фикри тиниқ, руҳий ҳолати нормал, ўзини ўзи идора қила оладиган, ўз ҳаракатларининг оқибатларини кўра оладиган ҳолда бўлиши лозим. Агар субъектнинг ички руҳий ҳолатида, онгида рўй берган бузилишлар, ташқи таъсирлар туфайли шартнома тузишга мажбур этилса, ундай шартнома ҳақиқий ҳисобланмайди. Бу шартномалар эркинлигини реал таъминлашнинг ўзига хос юридик кафолати ҳисобланади деб айтиш мумкин.

Шартномалар ҳақ эвазига ва текинга тузиладиган шартномаларга бўлинади. Ҳақ эвазигага тузиладиган шартномалар бир тараф топширган мулки, қилган хизмати эвазига пул ёки мулк билан ҳақ олади. Масалан, бир тараф вақтинчалик фойдаланиш учун мулкни ижарага олувчи ундан фойдалангани учун ижара ҳақи тўлашга мажбур бўлади. Бундай ҳақ эвазига тузиладиган шартномаларга олди-сотди, маҳсулот етказиб бериш, айирбошлаш, пудрат ва бошқа кўплаб шартномаларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Агар қонун ҳужжатларидан бошқача қоида келиб чиқмаса, шартноманинг мазмуни-моҳиятидан ўзгача ҳол англашилмаса, шартнома ҳақ эвазига тузилган шартнома деб ҳисобланади.
Текинга тузиладиган шартномада эса бир тараф бошқа бир тараф фойдасига ҳақ олмай, бирор-бир мулкни топшириш, бирор ишни бажариши мумкин. Масалан, ҳадя шартномаси бўйича мулк эгаси ўз мулкини бошқа бир шахсга текинга беради. Текин фойдаланиш, фоизсиз қарз шартномалари ҳам бепул тузиладиган шартномаларга киради.

Шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий ҳисобланади.

 

Ижтимоий-иқтисодий соҳада

ҳуқуқни қўллаш амалиётини

ўрганиш бўлими етакчи маслаҳатчиси                                         С.Алламуродов

02
Сурхондарё вилоят адлия бошқармасида вилоят Халқ таълими ва мактабгача таълим бошқармаси ҳамда унинг қуйи тизимларида фаолият юритаётган юридик хизмат ходимлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди

Бугун Сурхондарё вилоят адлия бошқармасида вилоят Халқ таълими ва мактабгача таълим бошқармаси ҳамда унинг қуйи тизимларида фаолият юритаётган юридик хизмат ходимлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир давомида таълим соҳасида ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш борасидаги ишларни тизимлаштириш, бунда юридик хизмат ходимларини роли ва улар фаолиятида вужудга келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, давра суҳбати давомида адлия вазирлиги томонидан Денов туман халқ таълими бўлими бош юрисконсульти Б.Эрдоновга берилган “1-даражали юрист” махсус-унвон мартаба даражаси топширилди.

Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини 

мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи  Ғайрат Тиловқобилов


02
Юридик хизмат ходимлари учун минимал талабларга риоя этмаганлик учун жавобгарлик муқаррар мавзусида семинар ўтказилди.

Мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб бунда, аввало юридик хизмат ролининг оширишга муҳим омил сифатида қаралмоқда.

Хусусан, 2017 йил 19 январда муҳтарам Президентимиз томонидан бу соҳани тубдан ислоҳ этишга қаратилган “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомил-лаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2733-сонли қарори қабул қилинди...(Тўлиқ ўқиш)

Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг 
фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи  Ғайрат Тиловқобилов

01
Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг эркаклар билан тенглигини таъминлаш, шунингдек аёлларга нисбатан тазйиқларни олдини олишга қаратилган янги қонун ҳужжатлар ва уларнинг аҳамияти

Бугунги кунда давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда аёллар сони кам эканлиги давлатимиз раҳбари томонидан ҳам бир неча бор танқид остига олинмоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотига кўра ҳар 10 ишловчи эркак кишига 6 та ишловчи аёл тўғри келар экан. Жорий йилнинг 24 сентябр куни ўз ишини бошлаган БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессиясида ҳам ташкилотнинг аёллар қаноти гендер тенглик, мамлакатларнинг барқарор тараққиётига эришиш йўлида аёллар учун ҳам муносаби ҳуқуқ ва эркинликлар таъминланиши масалаларини бежизга ёритмади. Куни кеча ўз ишини якунлаган сессия давомида 192 нафар нутқ сўзлаган арбобларнинг атиги 17 таси аёллар эканлиги ҳам алоҳида танқид остига олинди... (Тўлиқ ўқиш)

 Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси

етакчи маслаҳатчиси   М.Бўриева

30
Одам савдоси қурбонига айланманг!

Одам савдоси қурбонига айланманг!

Бугунги кунда бутун дунёда ноқонуний миграция ва одам савдоси глобал муаммо сифатида кенг жамоатчилик диққат марказида турибди.

Одам савдоси инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солувчи уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўз чегарасига асосан ёшларни, аёлларни тортаётганлиги билан дунё ҳамжамиятида катта ташвиш уйғотмоқда.

Шу боисдан мамлакатимизда ноқонуний миграция ва одам савдоси муаммосига қарши курашиш бўйича қонунчилик тизими яратилган. Бу борада Жиноят кодексида илк бор одам савдосига қарши курашиш мақсадида бундай ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланганлигини келтиришимиз мумкин. 

Мазкур турдаги жиноят натижасида дунё бўйича амалга ошириладиган йиллик айланма 30 млрд. АҚШ доллардан ортиқни ташкил қилади.

Одам савдоси жиноий фаолиятнинг ўта хавфли ва таҳқирловчи туридир. Таҳқирланиш шунда намоён бўладики, мазкур жиноят қулликка ўхшаш шаклларда содир қилинади. Бундан ташқари, инсонни эксплуатация қилиш, инсонни “товар” сифатида сотиш, инсон омиллларидан фойдаланиш йўли билан даромад орттириш билан боғлиқлиги сабабли таҳқирловчи мазмун-моҳият касб этади.

Шунингдек, 2008 йилнинг 17 апрелида «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши бу жиноятнинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш билан бирга, одам савдосидан жабрланганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишнинг чораларини ўз ичига олди. Бу курашнинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинган Президентимизнинг «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Республика Идоралараро комиссияси тузилди, миллий тадбирлар режаси тасдиқланди.

Қонунда бевосита одам савдоси жинояти тушунчаси, одам савдосига қарши курашишни ташкил этиш, одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари фаолияти, айниқса одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш масалалари алоҳида эътиборга олинган. Қонунда мазкур жиноятдан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни нормал турмуш тарзига қайтариш, мазкур шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш, уларни психологик, тиббий, касбий реабилитация қилиш, ишга жойлаштириш, вақтинчалик турар жой бериш масалалари алоҳида назарда тутилган.

Одам савдосига қарши курашиш қонунийлик, одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги, одам савдосидан жабрланганларнинг камситилишига йўл қўймаслик, ижтимоий ҳамкорлик, ижтимоий ҳимоялаш каби принципларга асосланади.

 

Хорижий экспертларнинг таҳлиллари натижасида нолегал меҳнат миграциясининг бир неча йирик йўналишлари мавжудлиги исботланган. Булар: Шарқий Европа ва Африка мамлакатларидан Ғарбий Европага, Марказий ва Жанубий Америкадан АҚШ ва Канадага, Жануби-шарқий Осиё ва Ҳиндихитой ярим оролидан Малайзия, Жанубий Корея ва Японияга, Марказий Осиё мамлакатларидан Россия ва Форс кўрфази мамлакатларига борадиган йўналишлардир.

Вена шаҳрида (Австрия) ўтказилган одам савдосига қарши курашиш мавзусидаги халқаро конференцияда келтирилган маълумотларга қараганда, ҳар йили 2,7 миллион нафарга яқин шахс бу жиноятнинг қурбонига айланмоқда ва уларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил қилмоқда. Афсуски, ноқонуний меҳнат миграцияси муаммолари мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Айрим шахслар ишлаш учун норасмий равишда бошқа мамлакатларга йўл олмоқдалар. Бу эса одам савдоси билан шуғулланиб бойлик орттириш умидида юрган кимсаларга қўл келмоқда. Шу боис, республикамизда бу иллатга қарши курашиш масалаларига давлат миқёсида катта эътибор қаратилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, одам савдоси жинояти аксарият ҳолларда алдов усули билан амалга оширилаяпти. Шу сабабли жиноятларнинг олдини олиш мақсадида меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда профилактика мақсадида йиғилишлар ўтказиш, содир этилган жиноятларнинг сабабларини ва уларнинг оқибатларини фуқароларга кенг тарғиб қилишни йўлга қўйишни таъминлашимиз лозим.

 

Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг

фаолиятини мувофиқлаштириш

бўлими етакчи маслаҳатчиси Ж.Абдулазизов

30
Номзодларнинг имтиҳон топшириш жараёни

Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси тизимига кирувчи адлия бўлимларига ва давлат нотариал идораларидаги нотариус ёрдамчиси ва нотариус стажёри лавозимларигаҳужжат топширган номзодларнинг имтиҳон топшириш жараёнини онлайн тарзда https://www.youtube.com/embed/MmGP8qWUO5s манзили орқали қўришингиз мумкин.


27
13 август куни бошқарма адлия бўлимларига ва давлат нотариал идораларидаги нотариус ёрдамчиси ва нотариус стажёри лавозимларига бўш иш ўринлари ҳақида

      Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг 13 август куни бошқарма адлия бўлимларига ва давлат нотариал идораларидаги нотариус ёрдамчиси ва нотариус стажёри лавозимларига бўш иш ўринлари ҳақида surxondaryo.adliya.uz сайтига эълон берилган эди.
Ушбу эълонга асосан  жорий йилнинг 30 сентябрь куни соат 11-00 да Сурхондарё вилоят адлия бошқармасининг кичик мажлислар залида танлов ўтказилиши режалаштирилган.            Мазкур танловга жамоатчилик билан ҳамкорлик қилиш мақсадида, Сурхондарё вилоят ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раисига, Ёшлар иттифоқининг Сурхондарё вилояти кенгашига бир нафардан ходим иштирокини таъминлаш хусусида хат юборилган.
      Танловга иштирок этиш учун ҳужжат топширган номзодлар кўрсатилган вақтдан кечикмасдан келишларингиз сўралади.

18
Нотариат институти-янги босқичда

Нотариат институти-янги босқичда

 

Жисмоний ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларини амалга оширишда нотариат институтининг роли муҳим ҳисобланади.

“Нотариат тўғрисида”ги Қонунга асосан, Ўзбекистон Республикасида нотариат қонунларда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатларни нотариуслар томонидан амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институтдир.

Кейинги йилларда нотариат институтини янада такомиллаштириш, аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатишни тубдан ислоҳ қилиш бўйича бир қатор амалий ишлар қилиниб, хусусан, замонавий электрон тизимлардан фойдаланиш йўлга қўйилганлиги соҳанинг очиқ ва шаффофлигини таъминлашда беқиёс рол ўйнамоқда.

Нотариат институтини рақамлаштирилган моделга ўтказиш, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнларини тубдан соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 9 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5816-сон Фармони аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ва қулайликлар яратишга хизмат қилади.

Фармонга асосан 2020 йил 1 январдан хусусий нотариал идоралар ташкил этилиши белгиланган бўлиб, бу эса ўз навбатида аҳолига тезкор хизмат кўрсатилишига ҳамда хизматлар сифатининг ошишига олиб келади.

Шунингдек, барча нотариал идоралар нотариусларининг аъзолигига асосланган Ўзбекистон Нотариал палатасини ташкил этилиши ва унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб: нотариал идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ҳамда қонун ҳужжатларининг бир хилда қўлланилишини таъминлашга доир таклифлар ишлаб чиқиш; низоларнинг олдини олувчи институт сифатида нотариат ролини мустаҳкамлаш, нотариуслик касби нуфузини ошириш, шунингдек, нотариусларнинг касбий тайёргарлиги ва малакаси оширилишини ҳамда уларнинг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурталанишини ташкил этиш; ягона нотариал амалиётни таъминлаш чораларини кўриш, нотариал идоралар фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни тўплаш ва ўрганиш, ижобий иш тажрибасини оммалаштириш ҳамда нотариусларга услубий ёрдам кўрсатиш; аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш; давлат органлари, бошқа ташкилотлар билан муносабатларда, судда ва бошқа ҳолларда нотариусларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш; нотариуслар томонидан қонун ҳужжатларига, касб этикаси қоидалари ва касб мажбуриятларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш ҳамда уларнинг касбига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссияларига таклиф киритиш белгиланди.

Фармонга асосан, мол-мулклар билан боғлиқ битимларни тасдиқлашда ҳам бир қатор талаблар бекор қилинади.

Хусусан, 2020 йилнинг 1 январидан қурилиши тугалланмаган уй-жойларни сотишда ҳокимликларнинг рухсати, васийликдаги шахс номидан турар жойни ижарага (арендага) беришда васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги талаб этилмайди.

Бундан ташқари, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончнома , 2020 йил 1 январдан бошлаб корхонани ижарага, текин фойдаланишга бериш, бирламчи бозорда мол-мулкни лизингга бериш ва гаров (ипотека) шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинади.

Фармонга кўра 2020 йил 1 январдан қуйидаги янги нотариал ҳаракатлар жорий этилади: фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда судгача бўлган жараёнда далилларни таъминлаш; мулкий ва мерос масалаларида медиатор вазифаларини бажариш; муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектининг тақдим этилган вақтини тасдиқлаш.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 2020 йил 1 январидан кўчмас мулклар бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда МИБнинг ваколатларига кирадиган коммунал хизматлар бўйича қарздорликлар ҳақида маълумотлар фақат Бюронинг ахборот тизими орқали онлайн режимда текширилади.

Жорий этилиши белгиланган янгиликлардан бири агар тарафлар турли ҳудудларда бўлса, ўша ҳудуддаги нотариал идорада туриб видеоконференцалоқа орқали битимларни нотариал тасдиқлаши мумкин бўлади.

Мазкур фармон билан аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатишда юқорида кўрсатилганлардан бошқа ҳам қулайликлар яратилиши белгиланган бўлиб, хулоса ўрнида ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат нотариат институтини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидлаш мумкин.

 

Термиз шаҳар 2-сон давлат

нотариал идораси нотариуси                                                        Х.Бобоқулов