Сурхондарё вилоят адлия, вилоят ҳокимлиги ўрта-махсус таълими бошқармалари ва жиноят ишлари бўйича вилоят суди ҳамкорликда Термиз туман Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида “Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш” ва “Ёшлар ва қонун” ҳамда “Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги”мавзуларида учрашув ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, уларнинг манфаатларини янада тўлиқ таъминлаш ва хуқуқларини химоя қилиш, ёш авлодни хаётга қатъий эътиқод ва қарашлар, менталитетимизга ёд бўлган зарарли ғоя ва оқимларга қарши тура оладиган миллий хамда умуминсоний кадриятлар руҳида тарбиялаш, уларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ёш оилаларни маънавий хамда моддий жихатдан кўллаб-кувватлаш, ёшларнинг ижодий иқтидорини жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқариш ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан эканлигини таъкидлаб ўтдилар.
Президентимиз ўз маърузаларидан бирида:“Ватанимизнинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори, авваламбор, фарзандларимизнинг униб-ўсиб, улғайиб, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқдир. Биз бундай ўткир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак”, – дея алоҳида таъкидлаган эдилар.
Албатта, ёш авлод келажаги учун қайғуриши, миллат ва Ватан тақдирини ўйлаш халқнинг эртанги ёруғ кунини барпо этмоқ учун қилинаётган эзгу ишлар пойдевори ҳисобланади.Шу маънода, истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланганлиги, хусусан, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги, уларнинг туб замирида эса ҳар томонлама етук ва мустақил фикрлайдиган шахсни шакллантириш мақсади мужассам эканлиги ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда, шунингдек, бутун дунёда эътироф этилган энг муҳим конституциявий-сиёсий ҳуқуқлардан бири бўлган сайлов ҳуқуқи, сайлов қонунчилиги ҳақида, сайловларнинг фақат кўп партиявийлик асосида ўтказилишига эришилганлиги ва булар ҳам қонун билан белгиланиб қўйилганлиги ҳақида ёшларга тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари вилоятда вояга етмаганлар ўртасида ва коллежларда таҳсил олаётган ёшлар ўртасида содир этилган жиноятлар ҳақида тўхталиб, бунга барча тадбир иштирокчиларининг эътиборлари қаратилди.
Тадбир сўнгида кўтарилган мавзу доирасида қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.