Янгиликлар
Қонуний никоҳ-оила мустаҳкамлиги
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаролик ишлари бўйича судлар, прокуратура ҳамда хотин-қизлар қўмиталари билан ҳамкорликда ёлғиз онадан туғилган боланинг туғилишини қайд этиш, оталикни белгилаш ҳамда никоҳдан ажратишни қайд этиш ҳаракатларини камайтириш масалалари, шунингдек суд қарорларини ижро этишда юзага келаётган муаммоларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда ёлғиз онадан туғилган боланинг туғилишини қайд этиш, оталикни белгилаш ҳамда никоҳдан ажратишни қайд этиш ҳаракатларини камайтириш, шунингдек қонуний никоҳнинг афзалликлари, оилавий муаммоларни ҳал этишда шошмашошарликка йўл қўймаслик, ушбу масалаларда ўзбек халқининг тарих синовларидан ўтган азалий қадриятларига таянган ҳолда иш кўриш юзасидан кенг аҳоли орасида, маҳалла, ташкилот ҳамда муассасаларда тарғибот тадбирларини ҳамкорликда амалга оширишни янада жонлантириш ҳақида сўз борди.
Айниқса, никоҳнинг муқаддас эканлигини, уни асраб-авайлаш лозимлигини, сабр-тоқатли, иродали бўлишни ёшлар онгига сингдириш биз катталарнинг вазифамиз эканлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.
Шунингдек, оталикни белгилаш, фарзандликка олиш, никоҳдан ажратиш, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш, туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларини тиклаш тўғрисидаги ва бошқа суд қарорларини ижро этишда юзага келаётган муаммолар атрофлича муҳокама қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.