Янгиликлар
Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан Жарқўрғон туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда туман ҳокимлиги масъул ходимлари, тумандаги ташкилот раҳбарлари, туман ҳудудидаги тадбиркорлик субъектлари ва касб-ҳунар коллеж талабалари иштирокида“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари”мавзусида семинар ўтказилди.
Семинарда маърузачилар, бугунги кунда Ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш айниқса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тараққий эттиришга устувор вазифа қаратилаётганлиги, шу боисдан барча маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар масъул ходимлари ушбу масалага жиддий эътибор қаратиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаб, уларга амалий ёрдам беришлари зарурлиги, мамлакатимизда тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида ваколатли идоралар томонидан кўплаб қонунлар ва қонун ости ҳужжатлари қабул қилинаётганлиги хусусида тўхтатлиб ўтилди.
Жумладан, 2014 йилнинг 7 апрелида Президентимизнинг тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган яна бир муҳим ҳужжати, “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганлиги, шунингдек 2012 йил 26 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан иштирокчиларга ушбу қонун ва фармонларда қайд этилган тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳақида тушунчалар берилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 24 декабрь куни қабул қилинган “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда 2012 йил 26 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонунининг мазмун моҳияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Мазкур семинарда иштирок этаётган тумандаги касб-ҳунар коллежи талабаларини тадбиркорликка жалб қилиш борасида ҳам семинар иштирокчилари томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Тадбир сўнгида семинар иштирокчилари томонидан ўзларини қизиқтираётган саволларига тегишли жавоблар берилди.