Сурхондарё вилоят адлия бошқармасининг 2015 йилнинг 1 ярим йиллиги учун мўлжалланган ўқув машғулотлари режа дастурига асосан Термиз Давлат Университети “Иқтисодиёт” кафедраси катта ўқитувчиси А.Шодиев иштирокида давлатимиз рахбарининг “Мамлакатимизнинг 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаси” юзасидан ўқув семинар бўлиб ўтди.
Семинарда 2014 йилда амалга оширилган ишлар, жумладан иқтисодиётимизда юз берган туб ўзгаришлар, яратилган 1 миллионга яқин янги иш ўринлари, иш ҳақининг 23.2 фоизга, аҳоли даромадларининг 10.2 фоизга ўсганлиги, тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар 52 фоизга ошганлиги, ушбу кўрсаткич эса МДҲ мамлакатлари иқтисодиёти орасида энг юқори кўрсаткични ташкил этганлиги мамнуният тилга олинди.
Президентимиз И.Каримов томонидан белгилаб берилган 2015 йилда иқтисодиётимизни ривожлантиришнинг 6 та муҳим устувор йўналишлари, бунда хусусий секторнинг роли ва аҳамияти, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимояси ҳақида атрофлича фикр алмашилди.
Ўқув семинари қизғин музокаралар ва савол-жавоблар руҳида ўтказилиб, тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Б.Абдуллаев, Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи