Янгиликлар
Сиёсий жараёнларда фаоллик
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда фуқароларининг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари, сайловларнинг демократик жамиятни шакллантиришдаги аҳамияти ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари юзасидан ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, Термиз шаҳридаги Ахборот технологиялари ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини ёшларга тушунтириш, шунигдек “ўқувчи - ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятчиликнинг салбий оқибатлари ҳамда уларнинг олдини олиш” мавзуларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Унда сўзга чиққанлар Давлатимиз мустақилликка эришгандан сўнг давлатчиликни бошқариш ҳокимиятлар бўлиниши принципларига асосланган ҳолда ташкил этилганлигини, булар қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларидан иборат эканлигини, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи давлатимизнинг бир қанча норматив ҳуқуқий ҳужжатлари билан кафолатланишини билдириб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида сайлов ҳуқуқини амалга оширишга оид устувор қонун нормалари белгилаб берилганлигини қайд этдилар.
Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳуқуқига эгалиги, фақатгина суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суднинг ҳукмига мувофиқ озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлиб, бу ҳуқуқдан фойдаланмаслиги ҳақида иштирокчиларга тушунтирилди.
Бундан ташқари, учрашувда маърузачилар ҳозирги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳамда ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чора-тадбирлари ва бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тўғрисида тўхталиб, ҳуқуқий тушунчалар беришди.
Жумладан, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонун 2014 йил 14 май куни қабул қилинганлиги ва 51-моддадан иборат эканлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик турлари мавжуд эканлиги, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизими, уларнинг ваколатлари, шу жумладан, адлия органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатлари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Бундан ташқари, вилоятда вояга етмаганлар ўртасида ва коллежларда таҳсил олаётган ёшлар ўртасида содир этилган жиноятлар ҳақида тўхталиб, бунга барча тадбир иштирокчиларининг эътиборлари қаратилди.
Шу билан бир қаторда, ёшларга жиноятчиликнинг салбий оқибатлари ҳамда ёшлар ўртасида амалиётда учраётган жиноятлар билан боғлиқ маълумотлар мисоллар билан тушунтириб берилди.
Содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни қайта содир этмасликлари учун ўқувчи-ёшлар орасида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш, ҳар бир ўқувчи билан яккама - якка тартибда иш олиб боришда коллеж жамоаси, маҳалла фаоллари, шаҳар ИИБ вояга етмаганлар билан ишлаш комиссия ходимлари ҳамкорлигида профилактика ишларини олиб бориш, ўқувчи – ёшларнинг дарсларга келмаслиги, вақтларини манмунсиз ўтказиш ҳолатларининг олдини олиш чора-тадбирлари белгиланиши кераклиги таъкидлаб ўтилди.
Давра суҳбати сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан тегишлича жавоб олдилар.