Янгиликлар
Тарғиботнинг таъсирчан усули
Ҳар бир давлатнинг тараққиётида аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти алоҳида аҳамият касб этди. Чунки давлат ҳам, ҳокимият ҳам халқ манфаати учун хизмат қилди.
Мамлакатимизда бу соҳага эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган ва мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жамиятда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳолига қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқчил тарзда етказиш ва бу билан фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш мақсадида адлия органлари олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйилган.
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси ва вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси, Қонунлари, Президент фармонлари ва Ҳукумат қарорларининг мазмун-моҳиятини жойларда аҳолига етказиш бўйича тарғибот гуруҳлари шакллантирилиб, тасдиқланган график асосида жойларда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири вилоятнинг Ангор, Термиз, Шеробод ва Қизириқ туман ҳокимликларида қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, аҳоли ҳамда тадбиркорлар субъектларини жалб этган ҳолда ташкил этилди.
Ўтказилган тадбирларда маърузачилар бугунги кунда истиқлол шарофати билан мамлакатимизда ҳар бир соҳада ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини, қабул қилинаётган қонунларда инсон манфаатлари ётганлигини таъкидладилар.
Тадбирларда янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Шунингдек, тадбирда бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, айниқса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик берилаётганлиги, янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш олдимизда турган устувор вазифалардан ҳисобланиши, шу боисдан, барча маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат қилувчи идоралар ходимлари ушбу масалага жиддий эътибор қаратиб, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, уларга амалий ёрдам беришлари зарурлиги, кейинги йилларда мамлакатимизда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, рақобатни ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш йўлида кенг кўламли чора-тадбирлар комплекси қабул қилинганлиги, тадбиркорлик субъектларининг давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларида улар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи қонун даражасида жорий этилганлиги қайд этилди.
Жойларда ўтказилган ушбу учурашувларда тадбир иштирокчилари томонидан берилган саволарга тарғибот гуруҳи аъзолари томонидан батафсил жавоблар берилди.