Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

04

Ҳуқуқий тарғиботнинг ўрни ва аҳамияти


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш идоралараро Кенгаши томонидан давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирокида “Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ҳуқуқий тарғиботнинг ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий-амалий анжуман ташкил этилди.

Таъкидлаш керакки, мазкур Кенгашнинг асосий вазифаларидан бири оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларини ҳуқуқий тарғибот ҳамда маърифат фаолиятига кенг жалб қилишдан иборатдир. Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш орқали сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан фаол шахсни шакллантиришда ҳуқуқий билимлар тарғиботи алоҳида ўрин тутади.

Анжуманда ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишнинг замонавий шакл ва услублари, ОАВнинг ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишдаги иштирокини такомиллаштириш муаммолари, фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишдаги ўрни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳуқуқий тарғиботдаги роли каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад - адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ҳуқуқий демократик давлатни ривожлантиришдир. Аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини шакллантириш мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар ва ислоҳотлар самарадорлигининг муҳим шарти саналади. Шу боис аҳолининг ўз конституциявий ҳуқуқ ва бурчларни тўлиқ англаб етиш, ён атрофда содир бўлаётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини оширишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билимлар тарғиботини тубдан яхшилашга йўналтирилган мақсадли кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган эди. Мазкур илмий – амалий анжуманда концепцияда белгиланган юқоридаги устувор вазифаларнинг мазмун ва моҳиятини ёритиш ҳамда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар илмий – амалий жиҳатдан таҳлил этилди.

Аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий онги, маданияти, билими даражасини оширишни эса ҳуқуқий саводхонликни таъминламасдан, уни амалиётда тўғри, тизимли йўлга қўймасдан эришиб бўлмаслиги таъкидланди. Мазкур йўналишда мамлакатимизда зарур ҳуқуқий база тўлиқ шакллантирилган. Хусусан, Конституция, қонунлар, хуқуқ соҳалари бўйича зарур қўлланмалар, шарҳлар, оммабоп юридик адабиётлар яратилган. МДҲ давлатларида биринчи бўлиб қабул қилинган Асосий қонунимизда фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурлиги белгилаб қўйилди. Демак, фуқароларнинг қонунларни яхши билиши, уларга риоя этиши ҳам конституциявий даражада ўрнатилди.

Тадбирда шунингдек, ҳуқуқий журналистикани ривожлантиришда эътибор қаратилиши мумкин бўлган жиҳатлар, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда олий юридик таълим муассасаларининг ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишдаги вазифа ва имкониятлари, фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишдаги ўрни ва масъулияти, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари Ахборот хизматлари ходимларининг журналистика соҳасидан ташқари соҳавий йўналишлари бўйича ҳам зарур мутахассисликка эга бўлишлари каби масалалар юзасидан сўз юритилди.

Сўзга чиққанлар томонидан ҳуқуқий тарғибот тизимини такомиллаштиришда юридик фан, юридик таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳам таҳлил этилиб унинг янги йўналишларига оид тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.