Янгиликлар
Туғилишни қайд этиш: қонунчилик ва амалиёт
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан ушбу мавзуда Денов туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимида таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида Кенгайтирилган семинар ўтказилди.
Семинардан кўзланган асосий мақсад, таълим муассасалари раҳбарларини туғилишни қайд этиш тартиби билан таништириш, шунингдек бугунги кунда Денов туманидаги таълим муассасаларида туғилганлик ҳақида гербли гувоҳномасиз ўқиётган ўқувчиларга тегишли ФҲДЁ органидан гувоҳнома олинмаганлигининг сабаблари ҳамда уларнинг туғилишини қайд этиш ва туғилганлик ҳақида гербли гувоҳнома расмийлаштиришга тўсқинлик қилувчи ҳолатларга яқиндан аниқлик киритиш мақсадида умумий ўрта таълим мактаблари директорлари билан юзма-юз мулоқот ўтказиш, ушбу йўналишда учраётган муаммоларни ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўришдан иборат бўлди.
“Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги йўриқномада ўн олти ёшгача бўлган боланинг туғилишини қайд этиш учун ФҲДЁ органига туғилишни қайд этиш муддатини ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилган ариза ва боланинг туғилганлиги ҳақида тиббий маълумотнома ёки боланинг туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилганлигини тасдиқловчи далолатнома, боланинг соғлиғи тўғрисида маълумотнома, боланинг таълим олаётганлиги тўғрисида маълумотнома, тегишли ФҲДЁ архивидан ушбу болага нисбатан туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этилиши, чет элда туғилган, лекин туғилиши ўша давлатларда белгиланган тартибда қайд этилмаган боланинг туғилишини қайд этишда мазкур Йўриқномада кўрсатилган ҳужжатлар талаб этилиши белгиланганлиги, шунингдек бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг туғилишни қайд этишга оид талаблари ва уларнинг мазмун-моҳияти тадбир иштирокчилари эътиборига етказилди.
Хусусан, чет элда туғилган, лекин туғилиши ўша давлатларда белгиланган тартибда қайд этилмаган, яъни туғилганлик ҳақида гувоҳномаси бўлмаган ўқувчиларга умумий ўрта таълим мактабларини битиргунларига қадар гувоҳнома олиш чоралари кўрилмаганлиги оқибатида, шаҳодатнома бериш жараёнида юзага келган турли муаммоли ҳолатлар адлия бошқармаси масъул ходимлари томонидан аниқ мисоллар билан тушунтириб берилди.
Семинар якунида умумий ўрта таълим мактабларида туғилганлик ҳақида гувоҳномасиз таълим олаётган ўқувчилар рўйхатини шакллантириш, уларга мутасадди идоралар билан ҳамкорликда туғилганлик ҳақида гувоҳнома расмийлаштириб бериш чораларини кўриш, туғилганлик ҳақида гувоҳномаси бўлмаган ўқувчиларнинг ота-оналари билан алоҳида суҳбат ўтказиб, гувоҳнома олишларига тўсқинлик қилаётган ҳолатларни бартараф этишда уларга яқиндан кўмак беришга келишиб олинди.