Янгиликлар
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги қонунчиликни ривожлантириш - ривожланган фуқаролик жамияти шакллнишининг фундаментал асоси
Жамиятнинг демократик ривожланиш даражаси нафақат инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг устунлигини расмий жиҳатдан тан олиш, балки уларни таъминлашга қаратилган, ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришларига йўл қўйиб, самарали таъсир этувчи давлат ва жамият механизмларини яратиш билан аниқланади.
Замонавий Ўзбекистон шароитида муваффақиятли трансформациянинг калити ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг устуни сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов томонидан шакллантирилган “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг амалга оширилишида намоён бўлади.
Ушбу тамойилнинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, Ўзбекистон томонидан танланган давлат ва жамият қурилиши моделининг амалга ошириш чораларидан келиб чиқиб, биринчи ўринга фуқароларнинг мамлакатни бошқаришдаги ролини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларининг (ННТ) аҳамиятини юксалтириш масаласи кўтарилади.
Бугун республикада халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва тамойилларига жавоб берувчи, ННТларнинг фуқаролик жамиятини шакллантириш, шахс ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда тенг иштирокини таъминлаб берувчи қонун ҳужжатлари базаси яратилди.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва қонуний эркинликлари конституциявий кафотлатланган бўлиб, мамлакат Конституциясининг 58-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган.
Конституцияда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ННТ фаолиятига аралашувига йўл қўйилмаслиги алоҳида белгилаб қўйилган. Ушбу қоида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ННТ фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги бошқа кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз тасдиғини топган.
Қабул қилинган қонуний асослар натижасида, ННТлар жамият қурилишида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб, давлатнинг тенг ҳуқуқли шеригига айланмоқда, уларнинг сони эса тобора ўсиб келмоқда. Бугунги кунда ННТларнинг умумий сони 8 250 дан ошди.
ННТлар ривожланишининг ўзига хос хусусиятларидан бири сифатида уларнинг жамиятнинг барча соҳаларига кириб борганлигида кўриш мумкин. Ушбу ташкилотларнинг давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги иштироки анъанага айланиб улгурди.
Ўзбекистон Республикасида давлат протекционизмининг ёрқин кўриниши сифатида ННТ фаолиятини тўғридан тўғри ва билвосита молиялаштириш йўли билан давлат томонидан рағбатлантириш амалиёти қўлланилиб келинмоқда.
2007 йилда давлат субсидиялари, ижтимоий буюртмалар ва грантлар шаклидаги давлат томонидан рағбатлантириш механизмларини кенг амалий қўллашга имкон яратиб берувчи “Нодавлат нотижорат ташкилотларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ушбу нормаларнинг киритилиши эса мантиқан тўғри бўлиб, халқаро маъқулланган амалиёт доирасида сингдирилади.
ННТлар учун билвосита молиявий рағбатлантириш сифатида бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари жорий қилинди.
2010 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан қабул қилинган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” кўптармоқли ННТларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш янги босқичининг бошланиши бўлди.
2014 йилнинг 5 майида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун, шу йилнинг 25 сентябрда эса “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунга кўра ННТларни ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилишда иштирок этишга самарали жалб қилишнинг ва давлат томонидан рағбатлантиришнинг шаклларидан бири сифатида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари орқали ННТлар фаолиятини молиялаштиришнинг янги механизми яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 декабрда қабул қилинган ПҚ–2085-сонли “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ушбу соҳадаги қонунчиликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Президент қарорини амалга ошириш мақсадида 2014 йил 10 мартда 57-сонли Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Юқорида қайд этилган қонун ҳужжатларига кўра ННТларни тузиш ва фаолиятини ташкил этишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари янада такомиллаштирилди ва сезиларли даражада соддалаштирилди, хусусан:
- ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари миқдори 5 бараварга, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 бараварга камайтирилди. Бунда ногиронлар, фаҳрийлар, хотин-қизлар ва болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи мазкур қарор билан тасдиқланган давлат божи миқдорининг 50 фоизи миқдорида ундирилади;
- Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган ННТнинг алоҳида бўлинмалари (ваколатхоналари ва филиаллари)ни, шу жумладан юридик шахс ҳуқуқига эга бўлганларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга олиш учун давлат божи ундирилмайди;
- Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати икки ойдан бир ойга камайтирилди;
- Тақдим этилган аризаларни оқибатсиз қолдириш тўғрисидаги қарор қабул қилиш институти чиқариб ташланди;
- Таъсис ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби соддалаштирилиб, ҳужжатларни нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинди, шунингдек, эндиликда таъсис ҳужжатлари аввалгидек уч нусхада эмас, балки фақат икки нусхада ва фақат давлат тилда тақдим этиладиган бўлди;
- ННТни қайта рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим қилиш тартиби соддалаштирилди ва ҳ.к.
Ҳужжатларни нотариал тасдиқлашни бекор қилиш, ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш муддатининг қисқартирилиши каби ижобий ўзгаришлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2014 йил 11 декабрдаги ЎРҚ-381 Қонунида ҳам ўз аксини топди.
Эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, юқорида қайд этилган қонун ҳужжатларига кўра Адлия вазирлигига ННТларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш вазифаси юклатилди.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги қарори билан Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Давлат бошқаруви органлари томонидан ННТларнинг миллий қонунчилик ва халқаро шартномаларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя қилиниши масалаларига муҳим аҳамият берилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сонли қарорига кўра ҳар чоракда ННТнинг раҳбар органлари томонидан қабул қилинган қарорларини адлия органларига тақдим қилиш амалиёти бекор қилинди.
ННТларнинг фаолияти шак-шубҳасиз турли хил тадбирларни ўтказиш орқали эришиладиган ҳайрия ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга йўналтирилган. Бу ерда шуни таъкидлаш жоизки, қонунчиликда шунингдек ННТлар томонидан тадбирлар ўтказиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган тегишли ижобий чоралар кўрилди.
Хусусан, жорий йилнинг 4 июнида Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғи билан (рўйхат рақами 2679) Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. ННТларнинг тадбирларини келишишнинг ҳуқуқий белгиланиши аввал ҳам мавжуд бўлганлиги сабабли ушбу низом янгилик ҳисобланмайди. Мазкур низомнинг асосий вазифаси ҳуқуқни қўллаш амалиётида бир хилликни таъминлашдан иборат.
Худди шу куни Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғи билан ННТлар томонидан тақдим қилинадиган ҳисоботнинг соддалаштирилган шакллари тасдиқланди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низом туфайли, эндиликда ННТлар раҳбарлари ўзларини қизиқтирган, шунингдек тадбир деб нимага айтилиши, қандай муддатларда ва қандай тартибда тадбирларни келишиш лозимлиги, қандай тадбирларни ўтказишга рўйхатдан ўтказувчи орган розилиги олиниши шарт эмаслиги тўғрисидаги ва бошқа кўплаб саволларга жавоб олишлари мумкин. Шу билан бирга, низом билан турли хил тадбирларни ўтказишда ННТларнинг адлия органлари билан ўзаро ҳамкорлигининг очиқ ва шаффоф механизми жорий қилиниб, бу шубҳасиз уларнинг самарадорлигини таъминлашга ва ННТларга ўз устав фаолиятларини амалга оширишлари учун тенг ҳуқуқий имкониятларни яратиб беради.
ННТлар фаолиятининг эркинлигини кафолатлаш ва тадбирларни ҳеч қандай тўсиқларсиз ўтказилишини таъминлаш мақсадида, низомда қонун ҳужжатлари ва ННТ уставида белгиланган мақсадлардан келиб чиқиб ўтказилаётган тадбирларга адлия органлари вакилининг ноқонуний аралашувига йўл қўйилмаслиги, шунингдек ННТнинг рўйхатдан ўтказувчи органнинг ноқонуний ҳатти-харакатлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқи алоҳида белгилаб ўтилган.
ННТлар фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги қонунчиликдаги ижобий ўзгаришларга объектив назар ташланса, мазкур мақоланинг хулосаси сифатида шуни қайд этиш мумкинки, уларнинг барчаси:
биринчидан, фуқаролик жамияти институтларининг муҳим давлат қарорларини қабул қилишдаги ўрни ва таъсирини кучайтириш;
иккинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг фаровонлигини, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожланишини юксалтириш;
учинчидан, ННТларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга йўналтирилган комплекс чораларни амалга ошириш, ННТлар ва бошқа фуқаролик институтларини институционал ривожлантириш, уларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга йўналтирилганлигини таъкидлаш мумкин.