Янгиликлар
Ахборот хавфсизлиги - долзарб масала
Сурхондарё вилоят адлия бошқармасида ФҲДЁ органлари ходимлари иштирокида ахборот хавфсизлигига қўйиладиган талаблар, компьютерлардан, локал ва корпоратив тармоқлардан фойдаланишда ахборот хавфсизлигини таъминлаш қоидалари ва “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизими махсус дастурий таъминоти бўйича семинар ўтказилди.
Семинарда ахборот хавфсизлигига қўйиладиган талаблар, компьютерлардан, локал ва корпоратив тармоқлардан фойдаланишда ахборот хавфсизлигини таъминлаш қоидалари, “LexUz” сайтининг янги имкониятлари ва ундан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ахборот хавфсизлиги бўйича қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизими махсус дастурий таъминоти каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Адлия вазирлиги томонидан ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, шу жумладан, вазирлик тизимида ходимларни замонавий компьютер билан таъминлаш, локал, корпоратив тармоқлардан фойдаланиш йўлга қўйилганлиги, электрон ҳужжат айланиш тизими жорий қилинганлиги, ФҲДЁ органлари учун махсус ахборот тизими яратилганлиги, ҳозирда нотариуслар ишини автоматлаштириш учун ҳам махсус ахборот тизими яратиш ишлари олиб борилаётганлиги, бу ишлар, ўз навбатида, компьютерлар ва серверларда мавжуд маълумотларнинг йўқотилиши, бузилишини олдини олиш, уларни хавфлардан ҳимоя қилишни ташкиллаштиришни талаб қилиши қайд этилди.
Шунингдек, “ФҲДЕ ягона электрон архиви” ахборот тизими махсус дастурий таъминотидан фойдаланишнинг ўзига хос афзалликлари хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Мазкур дастур ишга туширилгандан сўнг маълумотлар Давлат Персоналлаштириш марказига мунтазам юборилиб келинаётганлиги, шунинг учун маълумотларни ўз вақтида ва хатосиз дастурга киритиш лозимлиги хусусида тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, семинарда туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини дастурга киритишда юзага келаётган айрим муаммо ва камчиликларнинг ечими ва уларни қандай бартараф қилиш хусусида ҳам ФҲДЁ органлари ходимларига атрофлича тушунтиришлар берилди.
Шу билан бирга, семинар давомида Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан кенг фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқий ахборотларни аҳолига етказиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида, 2010 йил 1 январдан бошлаб барчанинг Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси “LexUz” дан бепул фойдаланиши жорий этилганлиги, “LexUZ” тизимининг янги дизайни ва имкониятлари, хусусан излаш тизимининг тубдан қайта ишланганлиги, унга янги кўринишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳужжатлари, халқаро шартномалар, техник тусдаги ҳужжатларни излаш шакллари жорий этилганлиги ҳақида иштирокчиларга атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни интернет тармоғидан ресурс манба сифатида фойдаланишда ахборот хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиб, фойдаланиш тартиблари тушунтирилди.