Янгиликлар
МУРОЖААТЛАР ОРТИДА ИНСОН ТАҚДИРИ
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан тадбир ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунини ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги қарорига мувофиқ тасдиқланган “Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида”ги Намунавий низомнинг мазмун-моҳияти ҳақида йиғилганларга тўлиқ тушунчалар берилди.
Таъкидланганидек, Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Ушбу Низом кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга, давлат органларининг, шунингдек улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Мурожаатлар оғзаки ёки ёзма ёхуд электрон шаклда берилиши мумкин.
Давлат органларининг “ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида мазкур Низомда белгиланган тартибда қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.
Мурожаатга жавоб хати давлат органи ёки унинг таркибий бўлинмаси раҳбари томонидан имзоланади.
Мурожаатларга жавоб хати, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилинади.
Мурожаат, унда кўтарилган барча масалалар Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда кўриб чиқилган ҳисобланади.
Мурожаат қилувчига жавоб юборилган кун мурожаатни кўриб чиқиш тугалланган кун ҳисобланади, бу ҳақда мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма мурожаатларни рўйхатга олиш журналига ва ҳисобга олиш карточкасига белги қўяди.
Тадбир якунида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқилишини ва мурожаатларда кўрсатилган важларнинг ўз вақтида қонуний ҳал этилишини алоҳида назоратга олиш лозимлиги таъкидланди ҳамда шу каби ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ҳамкорликда ўтказилишини янада кенгайтириш лозимлиги ҳақида хулосага келинди.
Учрашув жараёни ўзига хос баҳс-мунозара усулида ташкил этилди ва иштирокчилар томонидан барча берилган саволларга батафсил жавоблар берилди.