Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

24

ШАРТНОМА ИНТИЗОМИ - МУВАФФАҚИЯТ ГАРОВИ


Адлия вазирлиги томонидан “Шартномавий муносабатларнинг хуқуқий асоси” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда эркин бозор иқтисодининг негизини ташкил этадиган тарафлар ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, уларнинг ижросини таъминлаш масалалари муҳокамалар марказидан ўрин олди.

Айтиш лозимки, ҳар бир хўжалик ёхуд тадбиркорлик субъекти ҳар қандай муносабатларга албатта шартномалар орқали киришадилар. Чунки, тарафлар ўртасидаги ҳар қандай алоқаларни мустаҳкамлайдиган ҳамда келгуси ҳамкорлик учун кафолат вазифасини бажарадиган восита бу – шартномалардир,дея таъкидланди анжуманда. Ана шу нуқтаи назардан соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Хусусан, Фуқаролик кодекси, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа бир қатор хуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, ислоҳотлар талабидан келиб чиқиб улар такомиллаштириб борилмоқда.

Фуқаролик кодексининг 353-моддасида икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилиши белгиланди. Мазкур ҳужжатда мустаҳкамланган асосий тамойиллардан бири – шартнома тузиш эркинлигидир.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасига асосан адлия органларига шартнома мажбуриятларини тузиш ва бажариш чоғида хўжалик юритувчи барча субъектларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шунингдек ўз ваколатлари доирасида мазкур ҳужжатларнинг ижро этилиши жараёнини назорат қилиш вазифалари юклатилган.

Анжуманда адлия органлари томонидан бу йўналишда самарали тизим яратилгани қайд этилди. Айни кунларда республикамиз далаларида ғалла йиғим-терими қизгин паллага кирган. Бу жараёнда ҳам адлия органлари мутахассислари фермер хўжаликларига контрактация шартномаларининг бажарилишини таъминлашда ҳуқуқий кўмак бермоқдалар.

Учрашувда мазкур фаолиятга доир бир неча далил ва рақамлар журналистлар эътиборига ҳавола қилиниб, аниқ мисоллар келтирилди. Жумладан, биргина 2015 йилнинг 1-чорагида аграр тизим ишлаб чиқариш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларга 500 мингдан зиёд шартномалар тузилишида зарур ташкилий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, шартномавий интизомни мустаҳкамлаш бўйича мониторинг юритилиши устидан доимий назорат олиб борилмоқда. Кўрилган таъсир чоралари натижасида қарийб 7 мингта шартномалар қайта туздирилиб, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг 320 та қарорлари ҳамда ҳужжатлари бекор қилинди. Шунингдек, 293нафар айбдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилиб, шундан 120 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шу билан бирга, айбдор мансабдор шахсларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан тегишли идораларга 90 га яқин таклифлар киритилди.

Бундан ташқари шартномавий мажбуриятлар бажарилмаслиги оқибатида хўжалик юритувчи субъектларга етказилган зарарларни ундириб бериш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Судларга 41 млрд. сўмдан ортиқ даъво аризалари киритилиб, шундан қарийб 21 млрд. сўмлик даъволар қаноатлантирилди. Хусусан, қишлоқ мулкдорларининг манфаати юзасидан судларга киритилган даъволарнинг 26 млрд. сўмлиги қаноатлантирилди. Қолганлари ўрганилмокда.

Матбуот анжумани қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича соҳа мутахассисларидан тегишли жавоблар олдилар. Мулоқотда тақдим этилган маълумотлар келгусида ОАВда ёритиладиган материаллар учун фойдали манбаа бўлиб хизмат қилиши эътироф этилди.