Янгиликлар
ҚОНУНЧИЛИК ИМТИЁЗЛАРИ КЕНГАЙМОҚДА
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоят Статистика ва Давлат солиқ бошқармалари ҳамкорлигида вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш” мавзусида семинар ташкил этилди.
Манфаатдор ташкилот ва идоралар, учинчи сектор вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларга яратилган шароит ва имтиёзлар, соҳага оид қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар тўғрисида тушунтириш берилди.
Қайд этилганидек, республикамизда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан нодавлат, нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада рағбатлантириш, кенг имкониятлар эшигини очиб беришга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, сўнгги йилларда ННТ, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллигини янада ошириб бориш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёнида уларнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини изчиллик билан босқичма-босқич рўёбга чиқаришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шу ўринда учинчи сектор тизимини кенг ривожлантириш, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ҳамда тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва соддалаштириш бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари қаторига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини мисол қилиб келтириш мумкин.
Мазкур ҳужжат ижроси юзасидан эса Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Семинар иштирокчилари сўнгги йилларда қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун давлат органларининг ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга замин яратганини эътироф этдилар.
Қатнашчилар қонунчиликдаги янгиликлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруқлари билан тасдиқланган нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда нодавлат нотижорат ташкилоти, унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан адлия органларига тақдим этиладиган ҳисобот шакллари билан таништирилди.
Учинчи секторнинг адлия органларига тақдим этадиган ҳисобот шакллари соддалаштирилган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, ҳисоботларни тўлдиришда ортиқча қийинчилик туғдирмайди.
Бундан ташқари мазкур низом ўзида ННТ, шу жумладан диний ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларни адлия органлари билан келишиш тартибини белгилайди.
Семинарда соҳага оид қонунчиликни жойларда кенг тарғиб қилиш, ижросини таъминлаш бўйича амалий таклифлар ўртага ташланди.
Шунингдек, ННТлар томонидан солиқ ва статистика органларига тақдим этиладиган ҳисоботлар юзасидан берилган саволларга тегишли соҳа вакилларидан жавоблар олинди ҳамда турли мулоҳаза ва таклифлар билдирилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.