Янгиликлар
БЕВОСИТА МУЛОҚОТ
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 21 август куни матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти, уни бир хилда қўллаш масалаларига бағишланган видеоконференция ўтказилди.
Мамлакатимизнинг барча вилоятлари билан он-лайн тизими асосида бўлиб ўтган тадбирда ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат органлари, тадбиркорлик субъектларидан вакиллар, ҳуқуқшунос олимлар ва амалиётчилар иштирок этдилар.
-Тадбиркорлик фаолиятининг кафолатли ҳимоясини таъминлашга қаратилган мазкур қонун юртимиз ободлиги, турмушимиз фаровонлигининг асосий омилларидан бири бўлиб, бу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаради,- дея таъкидланди анжуманда. Уни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад - бизнес субъектларининг ишончли ҳимоясини таъмин этиш баробарида уларни жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулкнинг, жумладан чет эл капитали иштирокидаги улушини изчил ошириш билан боғлиқ қонунчиликни янада такомиллаштиришдан иборатдир.
Мазкур ҳужжат билан амалдаги 10 та кодекс ва 33 та қонунга тадбиркорликни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, хусусий сектор фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, соҳага оид қонунчиликни янада либераллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, жиноят кодексига тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилувчи бошқа жиноятлар деб номланувчи янги боб киритилди. Аниқроқ айтганда ушбу кодекс хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, назорат органлари ходимларининг хўжалик субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш тартибига риоя этмаслик, бизнес вакилларининг фаолиятини ёки уларнинг банклардаги ҳисобварақалари бўйича операцияларини қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш, имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, хусусий сектор вакилларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга жалб этиш учун жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган тегишли моддалар билан тўлдирилди.
Айни вақтда либераллаштириш доирасида савдо-сотиқ қоидалари, савдо ва воситачилик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказилди.
Фуқаролик, Хўжалик-процессуал кодексларга киритилган ўзгартишлар эса хусусий мулкнинг дахлсизлиги, тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя килишда суд ҳокимиятининг ролини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Анжуманда қонундаги янгиликлар нафақат иқтисодий, балки кўпгина ижтимоий масалаларни ҳам ҳал этиши аниқ мисолларда кўрсатиб ўтилди. Тадбир иштирокчиларининг фикрига кўра, мазкур қонун мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, бошқарувнинг бозор механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаради.
Видеоконференцияда мутахассислар янги қонуннинг мазмун-моҳияти, унинг аҳамияти тўғрисида батафсил ахборот бердилар. Шунингдек уни аниқ ва бир хилда қўллаш бўйича амалиёт таҳлилидан келиб чиқиб тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. Тадбир бир вақтнинг ўзида республикамизнинг барча минтақаларидан қатнашаётган тадбиркорлар, ҳуқуқни муҳофаза этиш ва назорат органлари вакиллари билан бевосита мулоқот олиб бориш имкониятини яратгани билан фойдали бўлди.
Эркин суҳбат асносида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича керакли маълумот олдилар.