Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 451 11 48

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

17

Жамоатчилик назоратида таъминлашда ўзини-ўзи бошқариш органларининг ўрни


Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлат ва жамият ҳаётини янада демократлаштириш, фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш йўлида ислоҳотлар жараёни кечмоқда. 1.jpg

Хусусан, давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан фуқаролик жамияти институтларининг асосий бўғини бўлган маҳалла институтига, ўзини ўзи бошқариш органларига берилган жиддий эътибор самарали натижалар бермоқда. Бугунги кунда иқтисодиётнинг барча соҳаларида маҳалланинг ўрни ва ролини сезмасликнинг иложи йўқ.

Чунки, ўзини ўзи бошқариш органлари мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаб бориб, барча жараёнларда, олиб борилаётган ислоҳотларда фаол қатнашаётганлиги барчамизга маълум.

Айниқса, маҳалланинг жамоатчилик назорати билан боғлиқ фаолияти ҳам тобора кенгайиб, жамоатчилик назоратини амалга оширувчи асосий субъектлардан бирига айланиб бормоқда.

Шу ўринда жамоатчилик назоратининг афзалликлари ҳақида фикр юритиб шуни таъкидлаб ўтиш ўринлики, жамоатчилик назорати - фуқаролик жамиятининг асосий хусусиятларидан бири бўлиб, унда фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги, давлат органларида ишлаётган ҳар бир раҳбар ходимнинг ўз фаолиятининг жамоатчилик назорати остида эканини чуқур ҳис этиб туриши тушунилади ва бу жараёни жамият ривожида муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Бу каби жамият ривожидаги муҳим восита ҳисобланган жамоатчилик назоратини амалга оширишда маҳалланинг роли ва ўрнини янада ошириш, фуқаролар йиғинлари ходимларининг жамоатчилик назоратини самарали усулларидан фойдаланган холда амалга ошириш бўйича билим ва кўникмаларини оширишга кўмаклашиш бугунги кундаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ва вилоят адлия бошқармаси билан ҳамкорликда “Жамоатчилик назоратини таъминлашда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида семинар ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика Кенгашининг 2015 йил учун белгилаган дастури ижроси доирасида ўтказилган мазкур семинарда институтнинг ҳудудий бўлинмаси мутахассислари, вилоят адлия бошқармаси вакили, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоят, шаҳар ва туман муассасаси раислари, ҳар бир тумандаги фаол ва тажрибали фуқаролар йиғинлари раислари, соҳанинг тажрибали экспертлари иштирок этишди.

1.jpgТадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 11 ва 16-моддаларида белгиланган ваколатларни амалда бажарилишини таъминлашга эришиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ва фаолларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳар чоракда олиб борилиши кўзда тутилган вилоят, туманлар ва шаҳарлар ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг фуқаролар йиғинлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш амалиётини кенг жорий қилиш, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни кучайтиришдан иборат.

Бундан ташқари, семинарда маърузачилар фуқаролар йиғинлари вакилларига уларнинг ваколатига кирувчи вазифалар яъни ўз ҳудудларида қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг ижро этилиши, шу жумладан, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан коммунал хизматлар кўрсатиш сифати, иморатлар қуриш ҳамда ҳовлилар ва уйлар атрофидаги ҳудудларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши, ерлардан унумли фойдаланиш ва уларни муҳофаза этиш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиб тамойиллари мисоллар орқали тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига жамоатчилик назоратини амалга ошириш шакллари, ўтказилган ҳисобот йиғилишларини расмийлаштириш тартиб қоидалари ҳамда уларни тегишли бошқарув идораларига юбориш, унинг натижаларини ўрганиш бўйича тавсиялар берилди.