Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

10

Кучли парламент ва жамоатчилик назорати – демократиянинг муҳим шарти


Тошкентда “Парламент ва жамоатчилик назорати институтларини янада ривожлантириш масалалари: миллий ва Европа тажрибаси” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги инстутити ва Давлат бошқаруви академияси томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси ва Конрад Аденауэр номидаги жамғарма (ГФР) билан ҳамкорликда Франция элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

Давра суҳбатида Германия, АҚШ, Франция, Венгрия парламентлари аъзолари ва экспертлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, ижро ҳамда суд ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтлари, тадқиқот муассасалари, олий ўқув юртлари, оммавий ахборот воситалари, мамлакатимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари қатнашди.

Қонун устуворлиги, ҳокимиятлар бўлиниши ва уларнинг ваколатларини чеклаш, давлат бошқарувида ва мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим вазифаларини амалга оширишда фуқаролик институтларининг иштирокини кенгайтириш Ўзбекистонда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган демократик ҳуқуқий давлат ҳамда кучли фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим принциплари ҳисобланиши таъкидланди.

"Юксак савияда ташкил этилган ушбу давра суҳбатининг мавзуси ниҳоятда долзарбдир, – деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Дьердь Сабо. – Негаки, айни пайтда Ўзбекистонда жамиятни янада демократлаштириш, фуқаролик институтлари ролини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотларнинг аксарияти парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш билан боғлиқ. Ғарбий ва Шарқий Европа давлатларида ушбу соҳада бой тажриба тўпланган. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг, жумладан, янги қонунлар ишлаб чиқишга оид тажрибаси биз учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Бу борада орттирилган бой тажрибани ўзаро ўрганиш демократлаштириш жараёнларини такомиллаштиришга хизмат қилади".

Ўзбекистонда демократия принциплари асосида амалга оширилаётган давлат сиёсатида миллий парламентнинг роли ва ваколатларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Замонавий икки палатали парламент тизими ташкил этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати давлат ҳамда жамиятнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда тобора самарали иштирок этмоқда. Қонун ижодкорлиги билан бир қаторда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонунлар ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш палаталар фаолиятининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 27 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида бундай парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш, унинг шакл ва услубларини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланган. Қонун ҳужжатларини амалга ошириш, хусусан, жойлардаги ижро ҳокимияти органларининг фаолияти самарадорлиги, уларнинг масъулиятини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, давлат механизми ишларининг самарали йўлга қўйилиши мазкур масалаларга бевосита боғлиқдир. Парламент назоратининг амалга оширилиши ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунларни такомиллаштириш мақсадида уларни чуқур таҳлил қилишга кўмаклашади.

Парламент назоратининг мамлакатни жадал ривожлантириш шартлари ва халқаро стандартларга мос Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунлар мажмуидан иборат қонунчилик базаси яратилди. Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис қарорлари ижросини назорат қилиш, бюджет маблағлари сарфланишини, инсон ҳуқуқларига риоя этиш, давлат органларини шакллантириш ҳамда олий мансабдор шахсларни тайинлаш соҳасидаги назорат мамлакатимиз парламентининг ушбу муҳим вазифаларини бажариш борасидаги асосий йўналишларидандир.

Сиёсий партияларнинг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, партиялараро рақобат ва фракциялараро курашни кучайтиришга доир кўрилган чоралар, депутатлар фаоллиги ва профессионал даражасининг ўсиши парламент назоратини янги босқичга кўтариш имконини берди. Палаталар ва уларнинг қўмиталари мажлисларида ҳукумат аъзолари, ижро тузилмалари раҳбарларининг давлат дастурлари амалга оширилиши ҳамда улар фаолиятининг бошқа масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш, парламент томонидан жойларда қонунлар бажарилиши бўйича назорат-таҳлил фаолиятининг амалга оширилиши, унинг натижаларини, хусусан, сайёр мажлисларда муҳокама этиш яхши анъанага айланди. Бу борада парламент сўрови ва эшитишлари каби шакллардан ҳам кенг фойдаланилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси парламент ваколатлари ва назорат вазифаларини янада кенгайтиришда янги босқични бошлаб берди. Концепцияга мувофиқ 2011 йилнинг мартида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга асосан парламентга Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳуқуқи, шунингдек, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш ҳуқуқи берилди. Буларнинг барчаси ҳокимиятлар бўлиниши бўйича конституция принципини амалга ошириш, ўзаро тийилиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизмини яратиш имконини беради.

Давра суҳбати қатнашчиларининг фикрича, “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши билан парламент назорати процедуралари, уни амалга оширадиган субъектларнинг аниқ ваколатлари, уларнинг вазифалари ҳамда бошқа давлат назорат органлари билан ҳамкорлик механизмлари аниқ тартибга солинади, шунингдек, қонунчиликни бузган шахслар учун оқибатларни белгилайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ягона базаси яратилади. Ушбу жиҳатлар янги қонуннинг ишлаб чиқилган лойиҳасида инобатга олинган.

“Мамлакатларимиз парламент тизимлари умумий жиҳатларга эга, – деди Франция Сенати аъзоси Натали Гуле. – Франция парламентида ҳукумат ва ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан назорат олиб борувчи доимий комиссиялар фаолият кўрсатмоқда. Афсуски, унинг натижалари давлат органлари томонидан ҳар доим ҳам ҳисобга олинмайди. Шу сабабли 2008 йилда парламентга, жумладан, назорат қилиш соҳасида кўпроқ ваколат бериш мақсадида конституция ислоҳотлари амалга оширилди. Ўзбекистон парламенти фаолияти, шунингдек, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини синовдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий тажрибани амалга ошириш жараёни билан танишдим. Бу ажойиб намуна. Ўзбекистонда нафақат парламент ва жамоатчилик назорати воситалари яратилган, балки уларнинг янги, янада самарали турлари ишлаб чиқилмоқда. Бу мамлакатингиз демократия йўлидан қатъий бораётганидан далолатдир”.

“Бундестагда қатор парламент назорати механизмлари қўлланилади, – деди Германия Бундестаги аъзоси Йоахим Пфайффер. – Назорат ҳуқуқига парламент, айрим партия фракциялари ва депутатлар ҳам эга. Улар исталган пайтда ҳукумат аъзосига ахборот тақдим этиш ҳақида сўров юбориши мумкин, у эса бунга жавоб беришга мажбур. Албатта, ҳукумат ва парламент ўртасида мувозанат сақланиши зарур. Ҳокимиятлар тармоқларга бўлинганда, судлар мустақил, парламент эса ҳукумат ишини самарали назорат қилган тақдирдагина демократия амалда мавжуд бўлади. Мен Ўзбекистонда бу жараённи таъминлаш учун самарали ислоҳотлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлдим. Парламентингизнинг Омбудсман институти ўз фаолият йўналишини тўғри танлаган, деб ўйлайман”.

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, ижро этувчи ҳокимият устидан парламент назоратини кучайтириш вазифасини муваффақиятли ҳал этиш кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчиликнинг бу жараёндаги фаол иштирокига боғлиқдир. Парламентнинг мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган демократик янгиланишлар тарғиботчисига айланишига эришиш энг муҳим вазифалардан бири бўлмоғи зарур.

Шу муносабат билан давра суҳбати иштирокчилари давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши алоҳида долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Бу қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамият, фуқаролик институтлари назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмини яратади. Қонун лойиҳасида бундай назоратнинг турлари, шакллари ва субъектлари, фуқаролик институтларининг давлат органлари билан ўзаро муносабатларидаги ваколатлари, шунингдек, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини ижро этмагани учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги белгиланган. Бундан ташқари, ижтимоий аҳамиятга эга меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Бу эса қабул қилинаётган ҳужжатлар аҳоли турли қатламларининг манфаатларини эътиборга олиш имконини беради.

“Европада ва АҚШда аҳоли турли қатламларининг манфаатларини ҳимоя қилиб, бундай назоратни амалга оширадиган жамоат ташкилотлари кўп, – деди Халқаро нотижорат ҳуқуқи маркази вице-президенти Наталья Боржелли (АҚШ). – Ўзбекистонда ушбу соҳадаги муносабатлар қатор қонунлар ёрдамида тартибга солинмоқда. Шу билан бирга, жамиятингиз ривожланиш даражаси жамоатчилик назорати тўғрисида алоҳида қонун қабул қилишни тақозо этмоқда. Мамлакатингизда фуқаролик жамияти институтлари иштирокида қонун лойиҳасини муҳокама қилиш ва такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса ўз самарасини бераётир. Мазкур қонун лойиҳаси билан илк бор танишиб чиққанимдан буён ўтган вақт мобайнида у анча такомиллаштирилган. Янги қонуннинг қабул қилиниши, шубҳасиз, Ўзбекистонда демократик жараёнларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади”.

Мамлакатимизда жамоатчилик назоратининг турли шакллари амалда қўлланилаётгани ва улар айрим қонунларда қатъий белгилангани таъкидланди. Масалан, маҳалла жамоатчилик назоратини амалга оширмоқда. Унинг бу борадаги вазифа ва ваколатлари эса “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуннинг қабул қилиниши натижасида янада кучайди. Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган кўплаб нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам аҳолининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатмоқда.

Давра суҳбати қатнашчилари ўз чиқишларида парламент ва жамоатчилик назорати ўртасида бевосита боғлиқлик мавжудлигини алоҳида қайд этдилар. Халқ томонидан сайланган ва унинг манфаатларини таъминлаши лозим бўлган парламент депутатлари турли жамоат бирлашмалари билан яқин ҳамкорлик қилиши, аҳоли мақсадли гуруҳларининг эҳтиёжларини аниқлаш, уларни таҳлил қилиш якунлари бўйича муайян қарорлар қабул қилиш ҳамда уларнинг бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш орқали бу эҳтиёжларни таъминлашга кўмаклашиш учун тадқиқот марказлари, оммавий ахборот воситалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тақдим этилган муқобил ахборотдан фойдаланиши даркор. Шундай қилиб, парламент назорати натижалари парламент томонидан ўз назорат вазифаларини бажариш учун асос бўлиб хизмат қилаётган жамоатчилик назоратининг мантиқий давомидир.

“Бугун дунёда ҳукумат ва давлат органлари фаолияти, жумладан, давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш устидан парламент ҳамда фуқаролик жамияти назоратини ўрнатиш ғоят муҳимдир, – деди Франциянинг Иқтисодий, ижтимоий ва экологик кенгаши маҳкамаси директори Кристиан Ле Ру. – Ўзбекистонда бундай назорат шаклларининг мавжудлиги демократия изчил ривожланаётганидан далолатдир. Менимча, демократияни ривожлантириш бир қанча таркибий жиҳатларни ўз ичига олади. Масалан, бу қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда аҳоли манфаатларини эътиборга олиш, ушбу жараёнда фуқаролик жамиятининг иштирок этиши ва сўнгра парламент томонидан қонунларнинг қабул қилиниши ҳамда уларнинг амалда тўлиқ ҳаётга татбиқ этилишини таъминлашдан иборат. Мамлакатингизда ушбу омиллар амалда қўлланилмоқда. Мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш учун сиёсий ироданинг мавжудлиги, улар Президент Ислом Каримов ташаббуси билан қабул қилинаётгани муҳим аҳамиятга эгадир. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг ҳақиқий демократия сари интилаётганидан далолат беради”.

Тадбир давомида парламент ва жамоатчилик назоратининг асосий шаклларидан фойдаланиш бўйича ҳуқуқий асослар, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, шунингдек, парламент ҳамда фуқаролик институтларининг уни амалга ошириш борасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга оид халқаро тажриба ҳар томонлама ўрганиб чиқилди.

“Яхши қонунни қабул қилиш – яхши иш, лекин унинг самарали ишлашини таъминлаш янада муҳимроқдир, – деди Венгрия Конституциявий суди котибиятининг раҳбари Диана Мечи. – Венгриянинг бу борадаги тажрибаси шуни кўрсатадики, биринчи навбатда, давлат органлари раҳбарлари ва қарорлар қабул қиладиган шахсларни жамоатчиликка ахборотни очиқ тақдим этиш зарурлигини англаши учун тайёрлаш керак. Бундан ташқари, фуқароларнинг янги қонунларда акс эттирилган ўз ҳуқуқларидан хабардорлик даражасини ошириш ҳам катта аҳамиятга эгадир. Биз Ўзбекистонда қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни ва бундан аввал қандай ислоҳотлар амалга оширилгани билан батафсил танишиш имконига эга бўлдик. Ишончим комилки, бу йўналишда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар мамлакатингиз тараққиёти учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади”.

Давра суҳбатининг хорижий иштирокчилари Ўзбекистонда парламент ва жамоатчилик назорати тўғрисида махсус қонунларнинг қабул қилиниши мамлакатда бошқарув тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, асосий конституциявий тамойиллардан бири – давлат ҳамда жамият манфаатлари мувозанатини амалда таъминлашга кўмаклашадиган институционал ташкилий-ҳуқуқий механизмни яратишига ҳам эътибор қаратди.

Парламент аъзолари ваколатини ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш, давлат органлари фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш бўйича шарт-шароит яратиш ушбу механизм самарадорлиги учун катта аҳамият касб этади. Айни пайтда Бухоро ва Самарқанд вилоятларида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг ишлаб чиқилган лойиҳасини синовдан ўтказиш бўйича ноёб ҳуқуқий тажриба ўтказилмоқда.

Хорижлик экспертлар ҳам ушбу ҳуқуқий тажрибага бағишланган видеоконференцияда иштирок этди. Унинг доирасида қонун лойиҳасини синовдан ўтказиш қандай амалга оширилаётгани ҳақида фикр алмашилди, мамлакатимизнинг мазкур икки ҳудудидаги фуқаролар ҳамда ижро ҳокимияти органларидан тажрибанинг дастлабки натижалари ҳисобга олинган ҳолда уни такомиллаштириш бўйича тушган таклифлар муҳокама этилди. Бундан ташқари, хорижий иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Конституциявий судида бўлиб, уларнинг фаолияти билан ҳам танишди.

Экспертлар мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилашга доир амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани ҳақида якдил фикр билдирди. Улар ривожланган демократик давлатлардаги каби Ўзбекистонда ҳам парламент ва жамоатчилик назоратининг шакл ва услубларини такомиллаштириш жараёни узлуксиз ва изчил хусусиятга эга эканини ҳамда умумжаҳон илғор тенденцияларига мос келишини таъкидлади. Шаклланаётган барқарор демократик институтлар ва сиёсий-ҳуқуқий маданият Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган ижобий туб ўзгаришларнинг муқаррарлиги ва мамлакатимиз демократияни чуқурлаштириш йўлидан жадал ҳаракат қилаётганининг кафолати экани қайд этилди.

Давра суҳбати амалий ва қизиқарли мулоқот руҳида ўтди. Унинг якуни бўйича “Парламент назорати тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини такомиллаштириш ҳамда қонунларни амалда самарали қўллаш бўйича тавсиялар қабул қилинди.