Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан Термиз шаҳар прокуратураси, вилоят ИИБ ЁҲБ, вилоят ДСЭНМ, вилоят Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, “ЎзДавэнергоназорат” инспекциясининг вилоят ҳудудий бўлими, бошқа назорат қилувчи ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирокида “Тадбиркорлик – қонун ҳимоясида” мавзусида семинар ташкил этилди.
Мамлакатимизда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларни қўллаб қувватлаш ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилиш масаласига муҳтарам Президентимиз ҳамда Ҳукуматимиз томонидан доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Натижада бу соҳадаги қонунчилик босқичма-босқич тизимли равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун солиқ, божхона ва бошқа йўналишларда бир қатор имтиёз ва преференциялар берилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Жумладан, Президентимизнинг 2015 йил 15 май кунидаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида таклиф этилган Комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси юзасидан шу йилнинг
20 август куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилинганлиги тадбиркорликни янада ривожлантиришга, уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга катта ҳисса қўшади.
Биргина Жиноят кодексини оладиган бўлсак, кодекснинг 30 та моддасига айнан тадбиркорлик фаолияти ҳимоясига қаратилган муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига қарши қаратилган жиноятларни тизимлаштириш ҳамда уларнинг ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида – Жиноят кодексига “Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар” номли янги боб киритилди.
Мазкур бобда – хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш, тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш, имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш, хўжалик юритувчи субъектларга ва бошқа ташкилотларга пул маблағлари беришни асоссиз равишда кечиктириш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳисоб варақларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф равишда талаб қилиб олиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Айни вақтда қонунда тадбиркорлик фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган қонунбузилишлар учун жавобгарлик енгиллаштирилиб, қонунбузилиш оқибатида келиб чиқадиган зарар қопланган ҳолда шахс жавобгарликка тортилмаслиги белгиланди.
Семинарда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, қулай ишбилармонлик, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш, ноқонуний текширишларга барҳам бериш, ушбу соҳада назорат қилувчи ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ҳодимларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солувчи жиноят қонунчилиги либераллаштирилиши муносабати билан қонунчиликдаги муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида иштирокчиларга атрофлича тушунтириш берилди.