Янгиликлар
Норма ижодкорлиги муҳим жараён
Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда вилоят адлия бошқармаси томонидан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги (янги таҳрирда) Қонуннинг мазмун-моҳияти” мавзусида илмий-амалий анжуман ташкил этилди.
Анжуманда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳуқуқшунослари, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг юридик хизмат раҳбарлари ва бевосита норма ижодкорлиги фаолияти билан шуғулланувчи ходимлари иштирок этишди.
Анжуманда қайд этилганидек, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири олдинги таҳриридан ҳажми ҳамда мазмуни жиҳатидан ҳам тубдан фарқ қилади.
Янги таҳрирдаги Қонун ўз ичига нафақат янги моддаларни қамраб олди, балки бугунги куннинг воқелигидан келиб чиқиб, олдинги таҳрирнинг кўплаб қоидаларини тўлдирди, бойитди ва янги мазмун берди.
Қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига бўлган талаблар кучайтирилди. Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда ишлаб чиқувчи зиммасига қонун ҳужжатларининг ҳолатини, лойиҳани тартибга солиш предмети бўйича қўлланилиш амалиётини ўрганиш, ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга салбий таъсир кўрсатаётган нуқсонлар ва зиддиятларни аниқлаш мажбурияти юклатилмоқда.
Шунингдек, Қонун “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш ва таъминлаш” бўлими, 13 модда ва қатор нормалар билан тўлдирилди. Буларга “Вазирликлар, давлат қўмиталари ёки идоралари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ҳуқуқий ворислик”, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни режалаштириш”, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш тартиби”, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси юзасидан халқаро ҳужжатлар ва чет мамлакатлар қонун ҳужжатларини пухта ўрганиш орқали таҳлилий ва қиёсий жадваллар тайёрланиши ҳамда тегишли халқаро тажрибани Ўзбекистон Республикаси шароитида қўллаш мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифлар тайёрланиши шартлиги” каби нормаларни мисол сифатида келтириш мумкин.
Қонуннинг яна бир янги жиҳати, унга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни режалаштириш, тайёрлаш тартиби ва уларни экспертизадан ўтказиш масалаларига бағишланган алоҳида боб киритилган бўлиб, унда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилувчи органлар қонун ҳужжатлари нормаларини такомиллаштириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашнинг режаларини (дастурларини) ишлаб чиқиши ҳамда тасдиқлаши мумкинлиги тўғрисидаги қоидалар ўз ифодасини топган.
Иштирокчилар таъкидлаганларидек, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги (янги таҳрирда) Қонуннинг тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар билан тўлдирилиши ва унга тегишли ўзгартишлар киритилиши - энг аввало тайёрланаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатли ишлаб чиқилишига хизмат қилади.
Анжуман якунида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.