Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Юристлар малакасини ошириш истиқболлари


Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, ҳуқуқшуносларнинг касбий тайёргарлигини замонавий билимлар асосида юксалтириш ҳамда уларни қайта тайёрлашни тубдан яхшилаш, шунингдек мазкур соҳадаги илмий тадқиқотларнинг самарадорлигини ошириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Адлия вазирлиги томонидан Юристлар малакасини ошириш марказида ташкил этилган навбатдаги матбуот анжуманида иштирокчиларга бу ҳақда атрофлича маълумот тақдим этилди.

1.jpg

Таъкидланганидек, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 25 июндаги “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 21 июлдаги қарори билан ташкил этилган. Ўтган йиллар давомида унинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Марказнинг асосий вазифаси - суд, адлия, адвокатура идораларининг вакиллари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар юридик хизматлари ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашдан иборатдир. Бир сўз билан айтганда, Марказда деярли барча юридик касб эгалари малака оширадилар. Илгари бу ерда йилига ўртача 800 нафарга яқин юрист кадрлар ўз малакаларини оширган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич қарийиб 3000 нафарни ташкил этмоқда.

Тингловчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда ўқув жараёнларига 200 дан ортиқ тажрибали амалиётчилар жалб этилган. Бу эса назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, илғор ўқув услубларини юридик таълимга изчил қўллаш имконини бермоқда. Айни вақтда ўқитиш жараёни “Юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари” асосида олиб борилмоқда.

Бугунги кунда Марказда судьяликка номзодлар ва судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланган шахсларнинг мансаб вазифасини бажаришга киришишдан олдин мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги илоҳотларнинг моҳияти, қонунчиликдаги янгиликлар ва касбий кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судида тайёргарлик ва стажировка ўташларининг белгиланганлиги одил судлов жараёнларини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Марказда маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларнинг юридик хизмати ходимлари билим ва кўникмаларини янада мустахкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина, 2015 йилда мингга яқин ҳуқуқшунослар ўз малакаларини оширдилар. Юридик хизмат ходимларига мўлжалланган ўқув дастурлар ва уларнинг шакллари амалиётдан келиб чиққан ҳолда тубдан қайта кўриб чиқилиб, уларда қонун ҳужжатларидаги янгиликлар ва амалиётдаги муаммолар ҳамда ўқишга жалб қилинаётган соҳа мутахассисларининг таклифлари доимий равишда ҳисобга олинмоқда.

1.jpg

Матбуот анжуманида журналистларга малака ошириш муассасасининг халқаро алоқалари хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди. Хусусан, БМТ нинг Тараққиёт дастури, ЕХҲТ, ЮНИСЕФ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бормоқда. Шунингдек, Германия, Венгрия, Словакия каби таълим даргоҳлари билан икки томонлама ҳамкорлик ўрнатилган. Охирги икки йил давомида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Венгрия, Польшанинг амалиётчи судьялари ва экспертлари иштирокида 10 дан ортиқ халқаро учрашув ва анжуманлар ташкил этилди. 2014 йилда эса Юристлар малакасини ошириш маркази Судьяларни тайёрлаш халқаро ташкилотига аъзо бўлди.

Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг натижалари бугун халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлаётгани аниқ мисолларда тилга олинди. Ушбу соҳадаги ишларнинг кўлами, қўлга киритилган ютуқлар ва мазкур йўналишларда келгусида амалга ошириладиган вазифаларнинг ечимлари ҳақида ҳам ахборот берилиб,иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Журналистлар билан эркин мулоқот асосида ташкил этилган анжуманда муайян ихтисослик бўйича юрист кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги дастурларни интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда тингловчиларнинг амалий машғулотларидаги иштироки орқали оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишга қаратилган бир қатор мавзулар келишиб олинди.