Янгиликлар
Электрон ҳукумат: қулайлик ва тезкорлик
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлиги, вилоят ахборот коммуникацияларни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Термиз шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар, давлат хизматларини кўрсатишда аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларини кўзлаш, уларга кенг қулайликлар яратиш, уларнинг вақтларини тежаш, беҳуда оворагарчиликлар ва ортиқча сарф-харажатларни камайтириш, давлат органлари фаолияти самарадорлигини оширишдан иборатлигини, қонун электрон давлат хизматларини кўрсатишда, шу жумладан, идоралараро электрон ҳамкорлик доирасида давлат органларининг юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларини тартибга солишини таъкидладилар.
Шунингдек, қонунда унинг мақсади ва вазифалари, асосий тушунчалари, электрон ҳукуматнинг асосий принциплари, унинг ишини ташкиллаштириш, электрон давлат хизматларини кўрсатишга қўйиладиган талабларга оид нормалар белгиланганлигини, электрон ҳукумат инфратузилмаси, бу соҳадаги давлат бошқаруви, давлат органларининг электрон ҳукумат доирасидаги ўзаро ҳамкорлигига оид муносабатлар тартибга солиниши ҳақида тушунчалар берилди.
Мазкур қонун давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, электрон давлат хизматларидан ариза берувчиларнинг тенг равишда фойдаланиши, “Ягона дарча” принципи бўйича электрон давлат хизматларини кўрсатиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби асосий принциплардан иборат эканлиги билдирилди.
Бундан ташқари, қонунда электрон ҳукумат соҳасини давлат томонидан тартибга солиш нормалари белгиланганлиги, унга кўра, Вазирлар Маҳкамасига электрон ҳукумат соҳасидаги ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, ушбу соҳадаги давлат дастурларини тасдиқлаш ва ижросини назорат қилиш вазифалари юкланганлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган сифатида электрон ҳукумат принципларига мувофиқ электрон ҳукумат соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириши, давлат органларининг электрон ҳукумат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириши, давлат органлари эса электрон ҳукумат соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиши, ахборот ресурслари ва тизимларини, шунингдек, электрон давлат хизматларини жорий қилиш, ривожлантириш ва интеграциялашувини таъминлаши белгиланганлиги қайд этилди.
Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан барча берилган саволларга батафсил жавоблар ва ҳуқуқий тушунчалар берилди.