Янгиликлар
ҲУҚУҚИЙ БАРКАМОЛЛИК САРИ
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ кучли демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш масаласи Президентимиз томонидан асосий вазифа этиб белгилаб берилган эди. Ўтган йигирма тўрт йилдан зиёд вақт давомида юртимизда ҳуқуқий давлат қуриш йўлида муайян натижаларга эришилганини эътироф этган ҳолда, бу борада ҳали олдимизда жуда кўп ишлар турганини ҳам қайд этиш жоиз.
Аҳолининг ижтимоий, сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувида фуқароларнинг амалий иштирокини кенгайтириш мамлакатимизда босқичма-босқич ва изчил амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг ғоят муҳим шартидир.
Бунинг учун фуқароларнинг айниқса ёшларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги юксалтириш, ҳуқуқий ахборотлардан кенгроқ фойдаланишга қаратилган зарур имкониятлар яратиш, асосий вазифалардан бири бўлиб қолди.
Шундан келиб чиқиб, аҳолини, ёшларни ислоҳотларнинг моҳияти билан яқиндан таништириш, уларни ҳуқуқий ахборот ва адабиётлар билан таъминлаш, ёшларга миллий давлатчилик анъаналари ҳамда амалдаги ҳуқуқий тизимнинг ишлаш механизмлари тўғрисида зарур маълумотларни етказиш, жамиятда ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг самарали усулларини жорий қилиш бугунги кунимизнинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ана шу нуқтаи-назардан Адлия вазирлиги ташаббуси билан “Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича ишларни услубий жиҳатдан таъминланишини ташкил этиш” мавзусида ўқув-семинарлари республикамизнинг барча вилоятларида ташкил этилмоқда.
Ундан асосий мақсад жамиятда аҳолининг ва ёшларимизнинг ижтимоий фаоллиги, ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш, мамлакатда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг оммага етказишдан иборатдир.
Шундай тадбирлардан бири Сурхондарё вилоятида ташкил этилди. Унда вилоятдаги барча таълим муассасалари, давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, корхона, муассаса ҳамда ташкилотларнинг маънавий-маърифий, шунингдек, ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасига масъул ходимлари иштирок этдилар.
Семинарда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида белгиланганидек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари риоя этилишини, жамиятнинг маънавий янгиланишини, жаҳон ҳамжамиятига қўшилишини таъминлайдиган ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамияти қурмоқда. Бунинг учун эса жамиятда ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш лозим. Шу мақсадда 1997 йилнинг 29 августида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш” миллий дастури қабул қилинди. Дастурда белгилангандек, юксак ҳуқуқий маданият демократик жамият пойдевори ҳамда ҳуқуқий тизим етуклигининг ифодасидур. У жамиятдаги турли хил жараёнларга фаол таъсир кўрсатувчи, барча ижтимоий гуруҳларнинг жипслашувига кўмаклашувчи, жамиятнинг яхлитлиги ҳамда хафсизлигини таъминловчи ва мустаҳкамловчи омилдир.
Семинарда давлат бошқаруви органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари, корхона, муассаса ҳамда ташкилотларнинг масъул ходимларининг бу борадаги масъулиятини янада ошириш, жамият аъзоларини ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари билан яқиндан таништириш, уларни ҳуқуқий ахборот ва адабиётлар билан таъминлаш, ёшларга миллий давлатчилик анъаналари ҳамда амалдаги ҳуқуқий тизимнинг ишлаш механизмлари тўғрисида объектив маълумотларни етазиш, фуқароларни давлат ва жамият ҳаётида юз бераётган сўнги ўзгаришлардан хабардор қилиш асносида ижтимоий фикрни янада соғломлаштириш, жамиятнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг самарали усулларини жорий қилиш, кекса авлоднинг бу бордаги бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш кераклиги ва ҳуқуқий маданиятни ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбия орқалигина юксалтириш мумкин эканлиги таъкидланди.