Янгиликлар
29
Ёш чегарачилар билан фахрланамиз
Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан ўтказилган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг финал босқичида Сурхондарё вилояти Музработ тумани “Қоплон” жамоаси учинчи ўринни қўлга киритиб, махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудуддаги Музработ кичик бизнес касб-ҳунар коллежида “Ёш чегарачи” ҳарбий-ватанпарварлик клуби иш бошлаганига беш йил бўлди. Йигирма нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этаётган мазкур клуб ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбий кўникма ва билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.
– Клуб аъзолари дарсдан бўш вақтларида жанговар тайёргарлик бўйича машғулотлар ўтказади, – дейди коллеж ўқитувчиси, “Ёш чегарачи” ҳарбий-ватанпарварлик клуби раҳбари Нурбой Эшқувватов. – Шу билан бирга спортнинг бир қатор турлари билан шуғулланиб, интеллектуал билимларини мустаҳкамлаб борадилар. Йигит-қизларнинг ҳарбий қисмларда қизиқарли суҳбатлар ўтказиши, ҳарбий хизматчиларнинг ҳаёти билан яқиндан танишиши ҳам ажойиб анъанага айланган. Шунингдек, фахрийлар ва ҳарбий хизматчиларнинг клуб аъзолари билан учрашувлари ўқувчиларда унутилмас таассуротлар қолдирмоқда. Ўқишдан бўш вақтларида ташкил этилаётган бундай тадбирлар муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг ҳарбий соҳалар бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.
Коллежнинг “Қоплон” жамоаси анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаларида фаол иштирок этмоқда. Жорий йилги мусобақанинг финал босқичида клуб аъзолари жанговар тайёргарлик, спорт ҳамда сиёсат, тарих, география фанлари бўйича синовлардан муваффақиятли ўтиб, умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.
– Клубимизга икки нафар ўқувчи қиз – Осиё Шералиева ҳамда Орзигул Қулсоатова ҳам аъзо бўлган, – дейди жамоа сардори Шоҳжаҳон Ўролов. – Бу йилги беллашувларнинг қуйи ва финал босқичларида ўқувчи қизларимиз ҳам фаол иштирок этиб, ўз билим ва маҳоратини, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларини кенг намойиш этди. Мусобақа давомида бошқа вилоятлардан келган тенгдошларимиз билан тажриба алмашдик, дўстлашдик. Билим ва кўникмаларимизни синовдан ўтказдик. Ҳарбий қисмда чегарачиларнинг хизмат бурчини шараф билан ўташи учун яратилган шароитлар, жанговар техника ва қурол-аслаҳалар билан яқиндан танишдик. Чегарачиларнинг мазмунли суҳбатларидан баҳраманд бўлдик. Бундай мусобақалар биз, ёшларнинг ҳарбий соҳага қизиқишимизни янада кучайтириб, ҳаётимизни Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз осойишталиги, оиламиз, яқинларимиз хотиржамлиги учун бағишлашга даъват этаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Сурхондарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасидан маълум қилишларича, қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудларда жойлашган касб-ҳунар коллежларида ўнга яқин “Ёш чегарачи” ҳарбий-ватанпарварлик клублари фаолият юритмоқда. Клуб машғулотларида мунтазам иштирок этаётган ўқувчи-ёшлар қалбида эл-юртга муҳаббат ва садоқат, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғулари мустаҳкамланиб бораётир.