Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

02

Биз қулликга қаршимиз


1.jpgСурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгашида тегишли идора ходимлари билан ҳамкорликда Халқаро одам савдосига қарши кураш куни муносабати билан “ Биз қулликга қаршимиз” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдоси, диний экстремизм ва халқаро терроризмга қарши курашиш борасида юртимизда амалга оширилаётган қатор чора-тадбирлар моҳиятини кенг аҳоли ўртасида тарғиб қилиш, одам савдоси, диний экстремизм ва халқаро терроризмга қарши курашиш масалаларида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва кенг жамоатчилик билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилиб, жойларда ва ОАВларида қатор ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилаётганлигини такидлашдилар.

Жумладан, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар, ўз хусусиятга кўра, латент характерга эга эканлиги, “Латент” сўзи лотинчадан таржима қилинганда “яширин”, “кўринмас”, “сезилмас” маъноларини англатишини, “Латент жиноятлар” дейилганда, содир этилган, аммо аниқланмаган ва давлат идораларига хабар қилинмаган жиноятлар тушунилишини айтиб ўтишдилар.

Одам савдоси қурбонлари уларга нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлиши ёхуд қонунга хилоф равишда чет элга чиққанлиги фош бўлишидан чўчиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этмаслигини, бундай ҳолат ушбу жиноят билан шуғулланган шахсларнинг жавобгарликдан қутулиб қолишига ҳамда жиноий фаолиятини давом эттиришга олиб келишини тушунтирилди.

Бундан ташқари, одам савдоси жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси анча юқори эканлиги сабабли мазкур муаммо юзасидан бир қанча халқаро қонунчилик меъёрлари қабул қилинган ва улар янада такомиллаштирилаётганлигини, одам савдосига қарши курашиш масаласи ҳақидаги биринчи халқаро ҳужжат 1899 йилда Лондон шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда қабул қилинган “Аёллардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун уларни ёллашга қарши кураш тўғрисида”ги резолюция эканлигини, кўриниб турибдики, бу каби жиноятлардан кўпроқ аёлларнинг ҳуқуқларига путур етганлиги дунё халқларини ташвишга солаётганлигини таъкидлаб ўтилди.

Бироқ барча олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан дунё бўйича одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар кўрсаткичининг йилдан-йилга ўсиши кузатилаётганлигини, шу боисдан, ҳам одам савдоси айни вақтда трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламаётган жиноятларнинг энг хавфлисига айланаётганлигини, БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг шахс ушбу савдонинг қурбони бўлаётганлигини айтиб ўтилди.

Юртимизда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш борасидаги халқаро ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратиляти. Хусусан, мустақиллик йилларида давлатимиз хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик (шу жумладан, одам савдоси)нинг хавфли кўринишларига қарши кўрашиш ҳақида 29 та шартнома ва келишувни имзолаган деб таъкидланди.

Айниқса, 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш, одам савдосидан жабрланганларни ҳимоялашда муҳим босқич бўлди. Чунончи, ушбу Қонун қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, одам савдоси учун жавобгарликни белгиловчи жиноий-ҳуқуқий нормалар такомиллаштирилди. 1.jpgШуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан бу йўналишда аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш фаолияти самарадорлиги янада оширилди деб тўхталиб ўтилди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, одам савдоси инсоннинг юксак эъзозга лойиқ бўлган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи, шахсий дахлсизлигига таҳдид солувчи жамиятдаги салбий иллатлардан биридир. Бинобарин, энг олий қадрият – инсон, унинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, қадр-қиммати эканлиги тўғрисидаги тамойил Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилган. Бу конституциявий талабни ҳаётга татбиқ этиш учун одам савдоси каби жамиятдаги салбий иллатларга қарши комплекс равишда кураш олиб бориш лозимдир деб айтиб ўтилди.

Учрашув сўнгида учрашув иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.