Янгиликлар
Тадбиркорлар ҳуқуқларининг қонуний кафолатлари
Вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг 27 сентябрь куни Термиз шаҳридаги вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг мажлислар залида вилоят ҳокимлиги, вилоят адлия бошқармаси, Савдо саноат палатаси ҳудудий бошқармаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят давлат солиқ бошқармаси, “Ягона дарча” марказлари, давлат хизматларини кўрсатувчи ва давлат хизматлари кўрсатилишида иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирокида “Тадбиркорлар ҳуқуқларининг қонуний кафолатлари” ва “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари” мавзуларида амалий ўқув семинари ўтказилди.
Ўқув семинарида тадбир иштирокчиларига тадбиркорлик субъектларига яратилган имтиёз ва преференциялар, шунингдек давлат хизматлари кўрсатишга оид қонун ҳужжатларининг мазмун моҳияти ҳақида батафсил тушунтирилди ҳамда келгусида қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ риоя қилиш юзасидан услубий тавсиялар берилди.
Шунингдек, тадбирда “Ягона дарча” тамойили бўйича тадбиркорлик субъектларига яратилган қўшимча қулайликлар ҳамда давлат хизматлари кўрсатишда юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф қилиш йўллари тўғрисида атрофлича фикр алмашилди.
Бундан ташқари, давлат хизматларини кўрсатишда қонунбузилишга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан қўлланилаётган таъсир чоралар ҳамда ушбу соҳадаги қонунбузилишларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида йиғилганларга ахборот берилди.
Ўқув семинари якунида “Ягона дарча” марказларининг ташкил этилиши тадбиркорларнинг мурожаатлари қисқа муддатларда ҳал этилишига, уларнинг ортиқча сарсон бўлишининг олдини олишга, давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузган мансабдор шасхларга нисбатан ўз вақтида жавобгарлик чораларининг қўлланилишига ва қонунбузилишларнинг қисқа муддатларда бартараф этилишига ёрдам бераётганлиги алоҳида таъкидланди. Мазкур йўналишдаги тарғибот тадбирларини янада кўпроқ ўтказиб борилиши лозимлиги ҳақида фикр билдирилди.
Тадбир охирида иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.