Янгиликлар
Гиёҳвандлик – умр заволи
Термиз шаҳрида “Биз – гиёҳвандликка қаршимиз!” шиори остида оммавий марафон ўтказилди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, вилоят маданият ва спорт ишлари, соғлиқни сақлаш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, халқ таълими бошқармалари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, Термиз давлат университети, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда таълим муассасалари, ташкилот ва корхоналар ҳамда маҳаллалардан мингдан ортиқ фуқаро иштирок этди.
Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, юртимизнинг чекка ва олис қишлоқларида ҳам барча қулайликка эга тиббиёт ва таълим муассасалари, спорт иншоотлари бунёд этилиб, замонавий усулда жиҳозланаётир. Жойларда ташкил этилаётган турли спорт мусобақалари эса ёш истеъдодларни муносиб рағбатлантиришга, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга хизмат қилаётир.
– Биз, ёшларнинг жисмонан соғлом, маънавий етук инсонлар бўлиб вояга етишимиз ва барча орзуларимизни рўёбга чиқаришимиз учун зарур қулайлик яратилган, – дейди Термиз шаҳридаги Жўйжангал маҳалласидан марафон иштирокчиси Озода Иброҳимова. – Бўш вақтимизни янада мазмунли ўтказиш учун турли спорт тўгараклари фаолият юритмоқда. Мен қатор йиллардан буён енгил атлетика билан шуғулланаман. Бугунги марафонда тенгдошларим ўртасида биринчи ўринни эгаллаганимдан хурсандман.
Марафон ғолиблари тадбир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, Маннон Уйғур номидаги вилоят мусиқали драма театри, “Алпомиш”, Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғлари ҳамда “Болажон” боғида “Гиёҳвандлик – ҳаёт кушандаси”, “Гиёҳвандлик – умр заволи”, “Мен ўз йўлимни танладим” каби мавзуларда маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Турли саҳна кўринишлари ва қизиқарли концерт дастурлари намойиш этилди.