Янгиликлар
Сайлов қонунчилиги амалда
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда “Термиз давлат университети қошидаги 2-сон академик лицейда “Сайлов жараёнида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари”мавзусида тадбири ўтказилди.
Учурашувда маърузачилар Мустақиллик йилларида миллий сайлов қонунчилигимиз демократик тамойиллар асосида такомиллаштирилиб бораётганлигини, фуқароларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданияти тобора юксалиб бораётгани, сайловларнинг очиқ ва ошкора, юқори ташкилий савияда ўтиши таъминланаётганлигини айтиб ўтдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлигини таъкидлашдилар.
Жумладан, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ҳамда ҳаракатлар кузатувчиларига мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилиши белгиланганлигини, сайлов участкалари қамоқда сақлаш жойларида ҳам ташкил этилиши мумкинлигини, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган вақтда муайян сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилишлиги ҳақида тушунчалар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117 моддасига кўра, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмаслиги ва сайловда қатнашмасликлари ҳақида айтиб ўтилди.
Қонунга кўра, ҳар бир фуқарога рўйхатга киритилмаганлик, нотўғри киритилганлик ёки рўйхатдан чиқарилганлик юзасидан, шунингдек рўйхатда сайловчи тўғрисидаги маълумотларни кўрсатишда ноаниқликка йўл қўйилганлиги хусусида шикоят қилиш ҳуқуқи берилганлиги, бу масалага доир аризалар участка сайлов комиссияси томонидан кўриб чиқилишлиги, аризани участка сайлов комиссияси кечи билан йигирма тўрт соат ичида, сайлов арафасида ва сайлов куни эса дарҳол кўриб чиқишлиги билдирилди.
Сайловолди ташвиқоти тушунчаси, турлари, шакллари ва усулларига аниқлик киритилганлигини, сайловолди ташвиқоти сайловдан бир кун олдин тақиқланиши белгиланганлиги, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эгалиги тушунтирилди. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланиши ва сайловга бир кун қолганида тугалланиши, муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланиши ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг эътиборига етказилиши, муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида ўз яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олиши, сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўйиши, шундан сўнг, сайлов варақаси махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилиши, сайловчининг ўзи қарор қабул қилиб, тўлдирилган сайлов варақасини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссиясида қолдириши, конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссияси икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри ва сайловчининг имзоси билан тасдиқланиши, айрим сайловчилар саломатлигининг яхши эмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, участка сайлов комиссияси уларнинг илтимосига биноан комиссия аъзоларига овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этишни топширишлиги юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Маърузачилар ёшлар томонидан берилган барча саволларга атрофлича жавоб бердилар.