Янгиликлар
Тадбиркорлик фаолияти ҳимояси кучайтирилди
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаситомонидан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонининг мазмун-моҳияти“ мавзусида вилоят ДСЭНМнинг мажлислар залида семинар тадбири ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳамда туман(шаҳар) ДСЭНМ масъул ходимлари ва тадбиркорлар иштирок этди.
ТадбирдаСурхондарё вилоят адлия бошқармаси Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Б.Абдуллаевсўзга чиқибЎзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Жумладан, Фармонда 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб қуйидаги илгари кўрилмаган чоралар жорий этилиши назарда тутилди:
тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилиниши, бундан юридик шахснинг тугатилиши билан боғлиқ текширишлар, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар мустаснолиги белгилаб қўйилди.
Шундай қилиб, назорат қилувчи органлар эндиликда режадан ташқари текширишлар ўтказишни ташкил қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бунда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини таъминлаш мақсадида фақат жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида қисқа муддатли текширишлар ўтказишнинг чекланган имконияти сақланиб қолади. Бундай текшириш фақат Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказилиши мумкин ва текшириш муддати бир иш куни билан чекланган.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилиниши белгилаб қўйилди.
Бунда, муқобил текшириш — операциялар бирлиги туфайли ўзаро боғлиқ бўлган ва турли хўжалик юритувчи субъектлардаги ёки бир хўжалик юритувчи субъектнинг турли бўлинмаларидаги ҳужжатларни таққослашдан иборат текширувлар бекор қилинди.
Шу билан бирга, Фармон маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштиришни давом эттириб, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимларини ҳамда тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга ошираётган шахсларни, улар томонидан етказилган зарарни қоплаган ва ҳуқуқбузилиши оқибатларини белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этган тақдирда, жавобгарликнинг барча турларидан озод қилиш каби тубдан янги чораларни назарда тутади.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўллаш таъқиқланди.
Кўрсатиб ўтилган нормалар тадбиркорлик субъектларини икки марта жазолашни истисно этибгина қолмай, балки биринчи марта ҳуқуқбузарликни содир этган ва ўз айбини ювган фуқароларга ўзининг тадбиркорлик фаолиятини салбий оқибатларсиз давом эттириш имконини беради, бу чора уларнинг ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантиришга ҳам йўналтирилган.
Шу муносабат билан Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Солиқ кодексига ва бир қанча бошқа қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилди.
Республиканинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналарига беш йил мобайнида улар рўйхатдан ўтказилган санада амалда бўлган солиқ ставкалари ва бошқа мажбурий тўловларни қўллаш ҳуқуқи берилиши кўрсатилди.
Ушбу имтиёз инвестиция сифатида киритилган маблағлар миқдоридан қатъи назар хорижий инвестициялар иштирокидаги барча корхоналарга татбиқ этилади.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунлар ижроси устидан Парламент назорати шаклларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш мўлжалланмоқда.
Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ушбу институт тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлашда, давлат тузилмалари билан муносабатларда уларнинг манфаатларини ифодалашда муҳим ўрин тутади.
Фармон қоидаларини амалда рўёбга чиқариш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкчиликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида бешта энг устувор соҳа бўйича 42 та аниқ чора-тадбир амалга оширилишини назарда тутувчи Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Хусусан, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигидаги маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, давлат ресурсларидан фойдаланишнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш доирасида умумий эътироф этилган халқаро стандартлар асосида бир қатор қонунларни, шу жумладан, "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида", "Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида", "Давлат харидлари тўғрисида" ва "Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги қонунларни қабул қилиш назарда тутилмоқда.
Дастурга мувофиқ жиноят ишлари бўйича текширишларни тайинлаш ва ўтказиш тартибининг аниқ ҳуқуқий тартиботини белгилаш учун "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги қонунга, Жиноят-процессуал кодексига ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши тадбиркорлик субъектлари фаолиятига, шу жумладан, жиноят ишлари доирасида тергов қилишни амалга оширишда ноқонуний аралишиш имконини берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга кўмаклашади.
Бундан ташқари, Дастур тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ жиноят қонунчилиги нормаларини янада эркинлаштириш, жиноятлар содир этилиши натижасида етказилган зарарни аниқлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралишишнинг ягона мезонлари ва асосларини белгилаш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқилишини назарда тутади.
Тадбир сўнгида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавоблар олишди.Мавжуд муаммолари бўйича улардан аризалари қабул қилиб олиниб, ижроси бошқарма томонидан алоҳида назоратга олинди.