Янгиликлар
Фермерларнинг мулкий муносабатлари
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш, энг аввало қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш соҳасида шартномаларни тузиш ва бажаришда хўжалик юритувчи субъектларга амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан фермерлик фаолиятини янада ривожлантириш, шартномавий ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш ҳисобига ер, сув ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш, пахта мавсуми олдидан фермерларга юклатилган вазифаларга бағишлаб вилоят Фермерлар кенгаши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда хизмат кўрсатувчи идоралар вакиллари иштирокида семинар ўтказилди.
Унда таъкидланганидек, мустақилликнинг дастлабки даврларидаёқ қишлоқ мулкдорларининг жамиятда тутган ўрнини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбарининг вилоятларга ташрифи чоғида асосан фермерлар билан учрашувлари, уларга йўл-йўриқ ва тавсиялар беришлари натижаси сифатида мазкур соҳани ривожлантиришга қаратилган фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши фермерлар учун қатор имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилди.
Хусусан, Президентимизнинг 2012 йилнинг 22 октябридаги «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу борадаги ислоҳотларнинг янги даврини бошлаб берди.
Ҳақиқатан ҳам, бугунги фермер иқтисодий, ҳуқуқий билими, дунёқараши билан ҳам аввалги фермерлардан тубдан фарқ қилади. Фермерлар қишлоққа саноатни олиб кириш, аграр секторнинг барча тармоқларини йўлга қўйиш орқали минг-минглаб иш ўринлари ташкил этиш ва қишлоқлар қиёфасни ўзгартиришда ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Фермерлик ҳаракатининг кенг қўллаб-қувватланиши тармоқда барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, ерларнинг унумдорлиги ва деҳқонларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш имконини бермоқда.
Бугунги кунда фермерлар юртимизда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчиси сифатида аграр соҳани тараққий эттиришда ҳал қилувчи кучга айланди. Шунингдек, қишлоқ жойларида транспорт-коммуникация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда ҳам уларнинг ҳиссаси катта бўлаётир.
Тадбирда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчисига айлангани, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фермерларга шарномалар аҳамияти ва уни сўзсиз бажаришда фермерлар олдида турган долзарб вазифлар ҳақида адлия бошқармаси томонидан тегишли тавсиялар берилди. Бунда ижара муносабатларини ривожлантирш ва мустаҳкамлашга қаратилган қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари, манфаатларининг ҳимоя қилиниши ва самарали фаолият юритишларини таъминлаш, шартнома интизоми, ҳамда солиқ имтиёзлари масалалари юзасидан соҳа ходимларининг маърузалари тингланди.
Семинар якунида бу борада вилоят Фермерлар кенгаши олдидаги вазифлар, фермерликни янада ривожлантириш, моддий ва молиявий базасини мустаҳкамлаш ва фермер хўжаликларининг мулкий муносабатлари ишончли ҳимоя қилиниши юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.