Янгиликлар
Мамлакатимизда адлия органларининг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ўрни ва роли.
Бизга маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666 сонли қарори мамлакатимизда туманларда адлия бўлимларининг фаолият олиб бориши учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлди десак муболаға бўлмайди. Шу ўтган давр мобайнида Қумқўрғон туман адлия бўлими томонидан ҳам фуқароларимизнинг мавжуд муаммоларини ҳал қилиш борасида бир мунча ижобий ишлар амалга оширилди.
Хусусан, 2019 йил январ ойининг ўзига тўхталиб ўтадиган бўлсак, тумандаги “Азларсой” МФЙда яшовчи фуқаро Қурбонов Равшан туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, хонадонида фойдаланиладиган табиий газ учун ортиқча тўлови мавжуд бўлсада, умуман инобатга олинмасдан қарздорлик кўрсатилаётганлиги сабабли амалий ёрдам сўраб берган мурожаати алоҳида назоратга олиниб, мурожаат муаллифи томонидан амалга оширилган 300 минг сўмдан ортиқ тўловлар қайта ҳисобга олиниб мурожаат муаллифи ўз ташаккурномасини тақдим қилди. Шунингдек, тумандаги “Киндиктепа” МФЙда яшовчи фуқаро Пардаев Соатмўминнинг туман электр тармоқлари корхонасидан асоссиз равишда қарздорлик чиқарилаётганлиги ҳақидаги мурожаати бўлим томонидан белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиб, мурожаат муаллифи билан тўлиқ қайта ҳисоб-китоб қилиниб, мавжуд муаммолар бартараф этилди ва мурожаат муаллифи ташаккурнома тақдим қилди. Бундан ташқари, бир қанча фуқароларимизнинг бузилган ҳуқуқлари туман адлия бўлимининг судга берган аризалари асосида тикланмоқда.
Туман адлия бўлими юқорида қайд этилганлардан ташқари ҳар ҳафтада бир кун хонадонларга уйма-уй юрган ҳолда фуқароларимизнинг мавжуд муаммоларини ўрганиб уларни қисқа муддатларда ижобий ҳал қилиш чораларини кўриб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган “Инсон ҳуқуқлари-олий қадрият лойиҳаси доирасида жорий йил феврал-март ойларида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан сўровлар ўтказилмоқда. Қумқўрғон туман адлия бўлими томонидан ўтган давр мобайнида турли ташкилотларда 600га яқин сўровлар ўтказилди. Келиб тушган мурожаатлар ва ўтказилган сўровлар натижасига кўра туман адлия бўлими томонидан тегишли айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан Сурхондарё вилоят бандлик бош бошқармасига таклиф киритилди.
Адлия органларининг асосий йўналишларидан яна бири бу аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигини йўқ қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш ҳисобланади.
Ушбу йўналишда муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 9 январда қабул қилган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5618-сонли Фармони ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз деб ҳисоблайман. Ушбу Фармонда аҳолининг ҳуқуқий билимлари етарли эмаслиги, шунингдек, давлат органларининг қонунга хилоф қарорлари устидан судга шикоят қилиш имкониятидан деярли фойдаланмаслиги мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилиши ҳолатларининг вужудга келишига сабаб бўлаётганлиги кўрсатиб ўтилган. Фармонда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси кўрсатиб ўтилган. Концепциянинг асосий мақсади аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришиши, мустаҳкам иродали, ўз ҳуқуқларини биладиган ва қонунларни ҳурмат қиладиган, ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай оладиган, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ва ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз муносабатда бўладиган фуқароларни тарбиялашнинг кенг қамровли мунтазам тизимини яратишдан иборат.
Концепциянинг йўналишларидан бири аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда маҳалла институтининг ролини кучайтиришдан иборат. Ушбу йўналишда ҳам туман адлия бўлими томонидан доимий равишда ўтказилаётган сайёр қабуллар ва учрашувларда аҳолини қизиқтирадиган қонун ҳужжатлари мазмун ва моҳиятини етказиш мақсадида турли хил тарқатма материаллар тарқатилган ҳолда тарғибот тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.
Қумқўрғон туман адлия
бўлими етакчи маслаҳатчиси Р.Хуррамов