Янгиликлар
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятидаги муаммолар
Бугунги кунда давлат бошқарувини либераллаштиришда фуқаролик жамияти институтларига катта ишонч билдирилмоқда. Уларни қўллаб қувватлаш юзасидан зарур шарт шароитлар яратилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 4 май куни «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди.
Унга кўра, рўйхатдан ўтказувчи орган билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг тадбирларини келишиш тартиби режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш тартиби билан алмаштирилди;
— нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳисобварақларига чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан уларнинг уставларида (низомларида) назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун келиб тушган пул маблағларидан ва мол-мулкдан, уларни олиш рўйхатдан ўтказувчи орган билан белгиланган тартибда келишилгандан сўнг, бирон-бир тўсиқларсиз фойдаланилади;
— Ўзбекистон Республикасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ажратилган грант маблағлари мазкур ташкилотларнинг мамлакатдаги исталган банк муассасаларида очилган махсус ҳисобварақларига келиб тушади;
— меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган келиб тушган маблағлар ҳисобидан шакллантирувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади;
Кундан кунга нодавлат ташкилотлари сони ортиб бормоқда: биргина мисол вилоятда 2017 йилда 632 та ННТ бўлган бўлса 2018 йил якуни бўйича ушбу ташкилотлар 665 тани ташкил этиб бир йилда 33 та бундай ташкилот рўйхатга олинган.
Хўш бу ташкилотлар сони ортгани билан ҳақиқиқий ижтимоий ҳаётга қандай таъсир ўтказаяпти деган савол ўртага чиқади.
Айниқса нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ташаббуслар етарлича эмаслиги ачинарли ҳолдир. Бунинг сабабли ўрганилганда нодавлат ташкилотларининг моддий таъминоти бўлмаганлиги билан изоҳланади.
Вилоятимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ушбу грантларда қатнашиш ва танлов ғолиби бўлиш даражаси республика миқиёсида охирги ўринларга тўғри келмоқда. Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, танловда доимий равишда 10 га яқини ёки мавжуд ННТларнинг атиги 1,5 % доимий иштирок этиб келадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари хусусан вилоят қизил ярим ой жамияти, “Аёллар саломатлик ва гузаллик” ижтимоий-ҳуқуқий кўникма марказининг айрим туманлари, Сурхондарё фан ва технологияларни ривожлантириш маркази ва шу каби ташкилотлар мавжуд бўлиб, қолган нодавлат нотижорат ташкилотлар бундай танловларда деярли иштирок этмайди.
Ўтказилган таҳлиллар вилоятда мавжуд нодавлат нотижорат ташкилотларининг аксариятининг моддий техника базаси зарур даражада эмаслигини кўрсатмоқда.
Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг нодавлат ташиклотлари билан ҳамкорлиги аксарият ҳолларда Президент ёки ҳукумат қарорлари билан ташкил этилган – Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Савдо-саноат палатаси, каби ташкилотлар билан ўрнатилмоқда.
Фуқаролар ташаббуси билан ташкил этилган ННТлар билан давлат органлари ўртасида қўшма иш режалари фақатгина ННТлар Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловларида ғолиб бўлган тақдирда ишлаб чиқилиб, грант лойиҳаси якунига етиши билан ушбу ҳамкорлик яна узилиб қолаётганлиги кузатилмоқда.
Шунга кўра, ННТлардан давлат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликда янада фаолроқ бўлишни тавсия этган бўлар эдик.
Нодавлат нотижорат ташкилотлар
бўлими бошлиғи А.Раҳматов