Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 451 11 48

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

24

Мамлакатимизда болалар ҳуқуқларининг кафолатлари


                                                                                                           Мамлакатимизда болалар ҳуқуқларининг кафолатлари

Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 22 апрел куни “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4296-сонли қарорининг қабул қилиниши болалар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асослардан биридир.

Болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш зарурати тобора ортиб бормоқда.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларини ҳар томонлама ҳаётга татбиқ этиш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган болаларнинг ҳуқуқларини амалда кафолатлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий етук авлод бўлиб етишишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ ушбу қарор билан ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар «Меҳрибонлик» уйларига жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилди, болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилади, болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаган ҳолларда 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли эканлиги белгиланди, ҳамда болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимини жорий этиш ва Котибият тузилмасида бола ҳуқуқларини таъминлаш фаолиятига кўмаклашувчи бошқарув ходимларининг чекланган сони 2 нафардан иборат сектор тузилди.

2019 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикасида эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини ўн саккиз ёш этиб белгиланди.

Қонун ҳужжатларида оилавий муносабатларни тартибга солишга оид тегишли нормалар бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тамойиллари ва умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид бўлмаган маҳаллий урф-одат ва анъаналар қўлланилиши мумкин.

Оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақли эканлиги, бунда қарор қабул қилишга ваколатли органлар (шахслар) боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шарт эканлиги белгиланганлигини Президентимизнинг ушбу қарорида қайд этиб ўтилган.

Бундан ташқари, зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази тизимида фуқаролар билан ўзаро алоқани амалга ошириш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш учун мўлжалланган «ишонч телефони» (республика доирасида ягона қисқа рақам бўйича ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган «тезкор алоқа») ташкил этилади.

Қарорнинг 5-бандига кўра Ўн саккиз ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни, агар унинг ота-онасидан бири, васийликка ёки ҳомийликка олган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосга кўра яшаш ҳуқуқига эга бўлса, қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юборишга йўл қўйилмайди:

Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузган, яъни Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз ёки ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар билан яшаган, вақтинча ёки доимий прописка, кўчиш ёки турар жой танлаш юзасидан белгиланган тартибга риоя этмаган, бўлиш муддати тугагач чиқиб кетишдан бўйин товлаган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит тарзда ўтиш тартибига риоя қилмаган ҳолларда;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир этган жинояти учун суд томонидан белгиланган жазо ижро этиб бўлинган ёки ўтаб бўлинганидан кейин ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ҳолларда.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан «Меҳрибонлик» уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталарини ажратиш тартиби жорий этилиши Қарорнинг 6-бандида баён этилган.

Болалар ҳуқуқлари ҳақида гапирганимизда 2019-2020 ўқув йилидан олий ўқув юртларига қабул жараёнидаги ўзгаришларни ҳам қайд этиб ўтиш жоиз деб ҳисоблайман.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 апрелдаги 360-сонли қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талаблар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарорига бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан Низомнинг 12-банди талабига кўра абитуриентларнинг ўқишга қабул қилиш ҳақидаги аризалари олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам), Ўзбекистон давлат консерваторияси учун 15 июндан 10 июлгача (шу куни ҳам) қабул қилинади.

Аризалар онлайн тарзда ҳам қабул қилиниши мумкин.

Абитуриент олий таълим муассасаси қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

таълим йўналиши, ўқув тили, шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза (аризада олий таълим муассасасини тугатганлиги ёки олий маълумоти йўқлиги, қайси чет тилидан тест топшириши, ҳарбий тавсияномага эга бўлганлар унинг рақамини ва танланган иккинчи олий таълим муассасаси, таълим йўналишини кўрсатишлари ҳамда тест синовларини ўтказиш қоидалари ва жавоблар варақаларини тўғри тўлдириш билан танишганлиги кўрсатилади);

умумий ўрта таълимни (11-синф негизида) тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат ва унинг иловаси асл нусхалари;

паспорт (16 ёшга тўлмаганлар учун туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома)нинг нусхаси;

3,5 x 4,5 см ўлчамдаги 6 дона рангли фотосурат;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқишга киришда имтиёз берувчи ҳужжатнинг асл нусхаси;

махсус сиртқи бўлим абитуриентлари учун меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма ва ишлаб турган соҳадан тавсиянома.

Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар ва кўзи ожизлар тоифасига кирувчи шахслар ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни топширадилар.

Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар тоифасига «Меҳрибонлик уйлари»да яшаб таълим олган, 18 ёшга тўлмаган, отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ёки суд қарорига биноан вафот этган деб эълон қилинган болалар киради.

Ариза шакли олий таълим муассасаси томонидан белгиланади.

Танловдан ташқари ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлган халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари асл нусхадаги тасдиқловчи ҳужжатларни топширадилар.

Абитуриент аризасидаги «ўзим ҳақимда қуйидагиларни маълум қиламан» устунига ҳужжатлар билан тасдиқловчи ҳолатлар (болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, етим, «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари ва боқувчиси йўқ) қайд этилади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар болалар ҳуқуқларини кафолатли таъминлашга хизмат қилади.

 

Қумқўрғон туман адлия бўлими

етакчи маслаҳатчиси:                                                           Р.Хуррамов