Янгиликлар
Юридик хизмат ходимлари учун минимал талабларга риоя этмаганлик учун жавобгарлик муқаррар мавзусида семинар ўтказилди.
Мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб бунда, аввало юридик хизмат ролининг оширишга муҳим омил сифатида қаралмоқда.
Хусусан, 2017 йил 19 январда муҳтарам Президентимиз томонидан бу соҳани тубдан ислоҳ этишга қаратилган “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомил-лаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2733-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 19 январдаги ПҚ–2733-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 250-сон қарори қабул қилинганлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматни тартибни солувчи бир қатор қарор ва Низомлар ишлаб чиқилди.
Адлия бошқармаси томонидан 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимиздаги давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматни ташкил этишдаги фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Республика Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятида сайёр ўқув курси ташкил этилиб, мазкур ўқув курсларида 68 нафар юридик хизмат ходимлари ўз малакаларини ошириб малака сертификатларига эга бўлишди.
Шунингдек, бошқарма томонидан ўтган давр мобайнида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан юридик хизмат лавозимига тайинлашга тавсия этилган
38 нафардан ортиқ номзодлар суҳбатдан ўтказилиб, лазозимга тайинлашга келишилди ва 33 нафар юридик хизмат ходимлари аттестациядан ўтказилиб, Адлия вазирининг буйруқларига асосан уларнинг 19 нафарига махсус унвон - мартаба даражалари берилиши таъминланди.
Шу билан бир қаторда бошқарма “Юридик хизмат ходимининг иш жойини моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талаблар”га (рўйхат рақами 2863-сон, 2017 йил 28 февраль) кўра давлат органлари ва ташкилотлари томонидан юридик хизмат ходимлари учун зарур шарт-шароитлар яратилиши аҳволи юзасидан мониторинглар олиб борилди.
Минимал талабнинг 4-бандига кўра давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати учун зарур шарт-шароитлар яратилиши лозим.
Мазкур талабнинг 6-бандида эса, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг раҳбарлари юридик хизмат фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилиши учун шахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 177-моддаси 1-қисмига кўра, иш берувчи ходимлар меҳнатини ташкил қилиши, қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шароитларини яратиб бериши, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини таъминлаши, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этиши, ходимларнинг эҳтиёж ва талабларига эътибор билан қараши, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаб бориши, ушбу Кодексга мувофиқ жамоа шартномаларини тузиши шартлиги белгиланган.
Бошқарма томонидан юқорида қайд этилган қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан ўтказилган мониторинг ва ўрганишлар давомида айрим давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан юқорида қайд этилган қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилмаганлик ҳолатлари аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан бошқарма томонидан давлат органлари ва ташкилотларига аниқланган қонун бузилишлар ва уларнинг содир этилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида 15 та тақдимнома ҳамда Меҳнат кодексининг 177-моддаси талабини бузганлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисмига асосан 9 та ташкилот раҳбарларига нисбатан маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш ҳусусида Сурхондарё вилоят бандлик бош бошқармасига киритилган таклифларга асосан ушбу ташкилот раҳбарларга нисбатан маъмурий жарима қўллаш ҳақида қарорлар қабул қилиниб, қарийиб 10 нафар юридик хизмат ходимлари учун зарур шарт-шароитлар билан таъминланди.
Ўйлаймизки, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан раҳбарлигидаги ташкилот фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш учун қонунчилигимиздаги меъёр ва талабларга риоя этиб, юридик хизмат ходимлари учун зарур шароитларни яратиш борасида зиммаларидаги масъулиятни ҳис қилган ҳолда белгиланган вазифаларни амалга ошириш билан ўз фаолиятларида қонунийлик таъминланишига эришиш мумкин.
Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг
фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Ғайрат Тиловқобилов