Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

02

Шартнома тушунчаси ва унинг турларини барчамиз билишимиз шарт


Шартнома тушунчаси ва унинг турларини барчамиз билишимиз шарт

 

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 8-моддасида шартномалар тарафлар ўртасида фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари вужудга келишининг асосларидан бири ҳисобланиши белгиланган.

Фуқаролик кодексининг 353-моддасида шартнома тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга кўра, икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади.

Шубҳасиз, бугунги кунда шартномаларга алоҳида аҳамият берилмоқда. Чунки шартномаларда бошқа юридик фактларга қараганда, тарафларнинг эрки-иродаси тўла ифодаланади. Шартномага киришувчи шахслар ким билан, қанча, қачон шартнома тузишни, у туфайли етказиб берилиши лозим бўлган пул, товар, ашёларни қайси муддатларда, қандай транспортларда етказилишини, тўлов амалдаги қандай шаклларда бўлишини мутлақо ўзлари, мустақил ҳал қиладилар. Улар шартномалар тузишда эркиндирлар, шартнома тузишга мажбурлашга йўл қўйилмайди.

Шартнома эркинлиги тамойилининг мазмуни Фуқаролик кодексининг                354-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Бунинг маъноси шундан иборатки, ҳеч ким уларни шартнома тузишга мажбур қила олмайди. Шартнома фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз хоҳишига кўра, ўз эрки иродаси билан тузилади. Албатта, уларни шартнома тузишга ундовчи сабаблар (мотив) турлича бўлиши мумкин: ўз эҳтиёжларини қаноатлантириш, фойда олишга интилиш, таъсис хужжатларида белгилаб қўйилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш ва ҳоказо. Баъзан, бошқа учинчи шахслар шартнома тузиш ҳақида талаб, таклиф ёхуд илтимос қилишлари мумкин. Бироқ ҳар қандай ҳолда ҳам шартнома тузиш ҳақидаги қарор фуқаро ёки юридик шахс томонидан мустақил, ўз эрки-иродаси асосида қабул қилинади. Шартнома тузиш вақтида фуқаро (юридик шахс раҳбари, вакили) фикри тиниқ, руҳий ҳолати нормал, ўзини ўзи идора қила оладиган, ўз ҳаракатларининг оқибатларини кўра оладиган ҳолда бўлиши лозим. Агар субъектнинг ички руҳий ҳолатида, онгида рўй берган бузилишлар, ташқи таъсирлар туфайли шартнома тузишга мажбур этилса, ундай шартнома ҳақиқий ҳисобланмайди. Бу шартномалар эркинлигини реал таъминлашнинг ўзига хос юридик кафолати ҳисобланади деб айтиш мумкин.

Шартномалар ҳақ эвазига ва текинга тузиладиган шартномаларга бўлинади. Ҳақ эвазигага тузиладиган шартномалар бир тараф топширган мулки, қилган хизмати эвазига пул ёки мулк билан ҳақ олади. Масалан, бир тараф вақтинчалик фойдаланиш учун мулкни ижарага олувчи ундан фойдалангани учун ижара ҳақи тўлашга мажбур бўлади. Бундай ҳақ эвазига тузиладиган шартномаларга олди-сотди, маҳсулот етказиб бериш, айирбошлаш, пудрат ва бошқа кўплаб шартномаларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Агар қонун ҳужжатларидан бошқача қоида келиб чиқмаса, шартноманинг мазмуни-моҳиятидан ўзгача ҳол англашилмаса, шартнома ҳақ эвазига тузилган шартнома деб ҳисобланади.
Текинга тузиладиган шартномада эса бир тараф бошқа бир тараф фойдасига ҳақ олмай, бирор-бир мулкни топшириш, бирор ишни бажариши мумкин. Масалан, ҳадя шартномаси бўйича мулк эгаси ўз мулкини бошқа бир шахсга текинга беради. Текин фойдаланиш, фоизсиз қарз шартномалари ҳам бепул тузиладиган шартномаларга киради.

Шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий ҳисобланади.

 

Ижтимоий-иқтисодий соҳада

ҳуқуқни қўллаш амалиётини

ўрганиш бўлими етакчи маслаҳатчиси                                         С.Алламуродов