Янгиликлар
Одам савдоси қурбонига айланманг!
Одам савдоси қурбонига айланманг!
Бугунги кунда бутун дунёда ноқонуний миграция ва одам савдоси глобал муаммо сифатида кенг жамоатчилик диққат марказида турибди.
Одам савдоси инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солувчи уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўз чегарасига асосан ёшларни, аёлларни тортаётганлиги билан дунё ҳамжамиятида катта ташвиш уйғотмоқда.
Шу боисдан мамлакатимизда ноқонуний миграция ва одам савдоси муаммосига қарши курашиш бўйича қонунчилик тизими яратилган. Бу борада Жиноят кодексида илк бор одам савдосига қарши курашиш мақсадида бундай ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланганлигини келтиришимиз мумкин.
Мазкур турдаги жиноят натижасида дунё бўйича амалга ошириладиган йиллик айланма 30 млрд. АҚШ доллардан ортиқни ташкил қилади.
Одам савдоси жиноий фаолиятнинг ўта хавфли ва таҳқирловчи туридир. Таҳқирланиш шунда намоён бўладики, мазкур жиноят қулликка ўхшаш шаклларда содир қилинади. Бундан ташқари, инсонни эксплуатация қилиш, инсонни “товар” сифатида сотиш, инсон омиллларидан фойдаланиш йўли билан даромад орттириш билан боғлиқлиги сабабли таҳқирловчи мазмун-моҳият касб этади.
Шунингдек, 2008 йилнинг 17 апрелида «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши бу жиноятнинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш билан бирга, одам савдосидан жабрланганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишнинг чораларини ўз ичига олди. Бу курашнинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинган Президентимизнинг «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Республика Идоралараро комиссияси тузилди, миллий тадбирлар режаси тасдиқланди.
Қонунда бевосита одам савдоси жинояти тушунчаси, одам савдосига қарши курашишни ташкил этиш, одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари фаолияти, айниқса одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш масалалари алоҳида эътиборга олинган. Қонунда мазкур жиноятдан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни нормал турмуш тарзига қайтариш, мазкур шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш, уларни психологик, тиббий, касбий реабилитация қилиш, ишга жойлаштириш, вақтинчалик турар жой бериш масалалари алоҳида назарда тутилган.
Одам савдосига қарши курашиш қонунийлик, одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги, одам савдосидан жабрланганларнинг камситилишига йўл қўймаслик, ижтимоий ҳамкорлик, ижтимоий ҳимоялаш каби принципларга асосланади.
Хорижий экспертларнинг таҳлиллари натижасида нолегал меҳнат миграциясининг бир неча йирик йўналишлари мавжудлиги исботланган. Булар: Шарқий Европа ва Африка мамлакатларидан Ғарбий Европага, Марказий ва Жанубий Америкадан АҚШ ва Канадага, Жануби-шарқий Осиё ва Ҳиндихитой ярим оролидан Малайзия, Жанубий Корея ва Японияга, Марказий Осиё мамлакатларидан Россия ва Форс кўрфази мамлакатларига борадиган йўналишлардир.
Вена шаҳрида (Австрия) ўтказилган одам савдосига қарши курашиш мавзусидаги халқаро конференцияда келтирилган маълумотларга қараганда, ҳар йили 2,7 миллион нафарга яқин шахс бу жиноятнинг қурбонига айланмоқда ва уларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил қилмоқда. Афсуски, ноқонуний меҳнат миграцияси муаммолари мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Айрим шахслар ишлаш учун норасмий равишда бошқа мамлакатларга йўл олмоқдалар. Бу эса одам савдоси билан шуғулланиб бойлик орттириш умидида юрган кимсаларга қўл келмоқда. Шу боис, республикамизда бу иллатга қарши курашиш масалаларига давлат миқёсида катта эътибор қаратилган.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, одам савдоси жинояти аксарият ҳолларда алдов усули билан амалга оширилаяпти. Шу сабабли жиноятларнинг олдини олиш мақсадида меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда профилактика мақсадида йиғилишлар ўтказиш, содир этилган жиноятларнинг сабабларини ва уларнинг оқибатларини фуқароларга кенг тарғиб қилишни йўлга қўйишни таъминлашимиз лозим.
Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг
фаолиятини мувофиқлаштириш
бўлими етакчи маслаҳатчиси Ж.Абдулазизов