Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 451 11 48

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

06

ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА


Мамлакатимизда аёллар ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишига оид норманинг Бош қомусимизда белгиланиши (“Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддаси) аёлларимиз жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда иштирок этишининг ҳуқуқий кафолатидир.

Бундан ташқари Конституциямизнинг 18, 63, 66-моддаларида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Оила, Меҳнат ва Фуқаролик кодексларида аёллар ҳуқуқларининг ҳар томонлама ҳимояланганлиги ва турли имтиёзлар белгиланганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шунингдек, давлатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича умумэътироф этилган ҳалқаро ҳужжатларга, жумладан 1995 йилда “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўгрисида”ги Конвенцияга қўшилиши мамлакатимизда хотин-қизлар масаласига жиддий эътибор берилганлигини кўрсатади.

Бу борада жорий йилда ҳам жамиятимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини янада ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, хотин-қизларни ҳимоялаш механизмини кучайтириш мақсадида жорий йилнинг 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги”          ЎРҚ-561-сонли Қонуни қабул қилинди.

2019 йил 3 сентябрдан кучга кирган мазкур Қонун давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилди.

35 моддадан иборат мазкур Қонун хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, Қонунда жинсий зўравонлик, жисмоний зўравонлик, руҳий зўравонлик, иқтисодий зўравонлик, зўравонлик, иш жойи, тазйиқ, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, тазйиқлар ва зўравонликнинг олдини олиш, муҳофаза ордери каби янги таянч тушунчаларнинг мазмун-моҳияти очиб берилди.

Шунингдек, ушбу Қонунга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисида ариза билан тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.

Қонунда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган.

-         Профилактика суҳбатини ўтказиш;

-         Ҳимоя ордерини бериш;

-         Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни махсус марказларга жойлаштириш;

-         Зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш.

Қонунга кўра, профилактика суҳбатини ўтказиш деганда, муайян шахсни жамиятда умум қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишга ишонтириш, ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ҳамда ҳуқуқий оқибатларини тушунтириш, шунингдек қонунда белгиланган жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириш тушунилади.

Шунингдек, Қонунда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ички ишлар органлари томонидан ўттиз кун муддатгача ҳимоя ордери берилиши ҳамда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси топширилиши белгиланган.

Бундан ташқари, Қонунда жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг талаби бўйича ўттиз кунгача бўлган муддатга тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни махсус марказларга жойлаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартиб бўйича зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахс зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтишига доир нормалар белгиланган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, юқоридаги Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишларнинг бир қисмидир. Мазкур Қонун ижроси натижасида келгусида хотин-қизларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромнинг янада мустаҳкамланиши шубҳасиздир.

Музработ туман адлия бўлими бошлиғи                                         Дилдора Йўлдошева