Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 451 11 48

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

Қонунчиликдаги янгиликлар.


Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси тасдиқланди.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 71 та боб 480 та моддадан иборат бўлиб, мазкур қонун билан жорий этилаётган айрим янгиликлар қуйидагилардан иборатдир.

Солиқлар ва йиғимларнинг сони ва турлари, шунингдек алоҳида солиқ режимлари оптималлаштирилиб, солиқларнинг 9 тури, катта бўлмаган корхоналар учун (1 млрд. сўмгача обороти билан) эса айланмадан солиқ кўринишидаги алоҳида солиқ режими сақланиб қолинди.

Солиқ органларининг устувор вазифалари сифатида солиқ тўловчилар билан ҳамкорлик асосида иш юритиш принципи киритилди. Яъни, солиқ органлари солиқ тўловчилар билан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғри бажариш мақсадида ҳамкорлик қилиши шартлиги белгилаб қўйилди.

Қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизими тубдан ўзгартирилиб, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ижро этган солиқ тўловчиларга 2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳосил бўлган ортиқча суммани, яъни “манфий” қолдиқ суммасини тўлиқлигича қайтариш тартиби жорий этилмоқда.

Асосий воситалар ҳамда кўчмас мулк объектлари харид қилинганда ёки янгидан барпо этилганда қўшилган қиймат солиғини бир йўла ҳисобга олинишини назарда тутувчи тартиб жорий этилмоқда.

Яъни, тадбиркорлик субъектлари томонидан асосий воситаларнинг импорти бўйича божхонада тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси асосий воситалар ўрнатилганидан кейин қайтарилиши белгиланмоқда.

Худди шундай кўчмас мулк объектларини барпо этилганда (ёки сотиб олинганда) сарфланган маҳсулотлар бўйича қўшилган қиймат солиғининг суммаси ҳам қайтарилади.

Ортиқча тўланган солиқ суммаларини ўз вақтида қайтарилмаганлиги ёки солиқ органлари томонидан асоссиз ундирилганлиги учун, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида бюджетдан солиқ тўловчиларга фоиз тўлаш белгиланмоқда.

Олдинги Солиқ кодекси бўйича ортиқча олинган маблағларнинг ойлар давомида чўзилиб қайтарилиши тадбиркорлик субъектларнинг фаолиятига зиён етказилган бўлса, эндиликда солиқ органи тадбиркорларга ортиқча тўлов суммасини қайтариш билан бирга ҳар бир кечиктирилган кун учун фоиз тўлаб беради.

Солиқ қарзини солиқ тўловчининг дебиторларидан ундириш тартиби бекор қилинди. Ушбу тартибни бекор қилиниши солиқ қарзини учинчи шахс ҳисобидан ундирилишига чек қўйилиб улар томонидан ўзларининг 
маблағларини мустақил равишда тасарруф этиш имконини беради.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида маҳаллий бюджетга тушадиган солиқлар бўйича қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқини Халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тақдим этилиши белгиланмоқда.

Солиқ тўловчиларни ортиқча сарсонгарчилигини олдини олиш мақсадида Республика бюджетига тушадиган солиқлар бўйича солиқ қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш юзасидан аризани ўзлари ҳисобда турган ҳудуддаги солиқ органлари орқали Давлат солиқ қўмитасига тақдим этилади.

Бунда, солиқларни тўлашни кечиктиришда солиқ мажбурияти бажарилиши таъминоти сифатида мол-мулк гарови, банк кафолати ва кафиллик кўринишидаги янги таъминловчи воситалар киритилмоқда.

Солиқ органлари томонидан ахборот технологиялари асосида амалга ошириладиган солиқ текширувларини ўтказиш учун номзодлар инсон омилисиз, таҳлика-таҳлил дастури ёрдамида, солиқ назоратининг янги камерал текширув, сайёр текширув ва солиқ аудити ўтказилиши белгиланмоқда.

Хавфлилик даражаси паст бўлган корхоналарга нисбатан ҳеч қачон солиқ текширувлари амалга оширилмайди ва ушбу корхоналарга юқори даражадаги солиқ хизматлари кўрсатилади. Булар солиқ ҳисоботларида ҳақиқий даромадларини кўрсатган ҳолда мажбуриятларини ўз муддатларида бажараётган субъектлардир.

Хавфлилик даражаси ўртача бўлган корхоналарга нисбатан фақат камерал солиқ текшируви амалга оширилади ва ушбу корхоналарга хато камчиликларини бартараф этиш бўйича ҳисоботини тузатиш имкони берилади. Бу тоифадаги корхоналарга солиқ ҳисобини юритишда хатоликларга йўл қўяётган ва солиқ маслаҳатига эҳтиёжи бўлганлар киради.

Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкциялар қўлланилмайди, аммо қўшимча ҳисобланган солиқлар бўйича пеня ҳисобланиши мумкин.

Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган асосномаларни ҳаққонийлигини ўрганиш мақсадида сайёр солиқ текшируви ҳам тайинланиши мумкин. Сайёр солиқ текширув натижалари бўйича солиқлар қўшимча ҳисобланмайди.

Хавфлилик даражаси ўта юқори бўлган корхоналарга нисбатан солиқ аудити тадбирлари амалга оширилади ва ушбу корхоналар фаолиятини тўғри йўлга қўйгунга қадар доимий назоратда бўлади. Ушбу тоифага солиқ мажбуриятларини бажаришда доимий равишда камчиликларга йўл қўяётган, яъни молиявий операцияларни амалга ошириш олиш учун маълум бир вақт давомида қасддан солиқ базасини камайтирадиган, солиқларни тўлашдан бош тортадиган, солиқдан қочиш схемаларидан фойдаланаётган, бухгалтерия ҳужжатларни ва ҳисобварақ-фактураларни сохталаштирадиган солиқ тўловчилар киради. Солиқ аудити натижаларига кўра қўшимча солиқлар ҳисобланиши ва молиявий санкциялар қўлланилиши амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, Солиқ кодексида низоли вазиятлар юзага келганида солиқ низоларини судгача ҳал қилишни мажбурий ўтказиш белгиланганлиги, солиқ низоларини судгача ҳал қилиш институтини  ривожланишига олиб келади.

Бундан ташқари давлат солиқ хизмати органлари эндиликда, солиқ назоратини профилактик тадбирлар ўтказгандан кейингина амалга оширишлари ҳам кўзда тутилган.

Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган солиқ суммаси ўртача 30 фоизга камайтирилиб, уларга солиқларни тўлашни танлаш ҳуқуқи берилмоқда. Хусусан, улар солиқни қатъий белгиланган миқдорларда тўлаш ёхуд жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисида декларация асосида тўлаши мумкин бўлади.

Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи      Б.Гаффаров