Янгиликлар
Мажбурий таълимда қонунларнинг ижроси
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия, Халқ таълими вазирликлари, Ўрта-махсус касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши томонидан тасдиқланган “Республикада мажбурий таълимни таъминлашда қонунларнинг ижроси, 12 йиллик мажбурий таълимда ота-оналар, таълим олувчиларнинг қонуний мажбуриятлари ва жавобгарлигига доир масалаларни кенг ёритиш” режасига мувофиқ, Жарқўрғон туманида “Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун таълим муассасалари масъуллари ва ота-оналарнинг жавобгарлиги” мавзусида учрашув ўтказилди.
Мазкур тадбирда таъкидланганидек, ёшларга, уларнинг таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик замирида миллат тақдирига, мамлакат эртанги кунига даҳлдорлик масъулияти мужассам. Шу мақсадда ўтган истиқлол йиллари мобайнида “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва вояга етмаганлар билан боғлиқ бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиндики, улар бугун фарзандларимиз таълим тарбиясида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Жумладан, тарихдан маълумки, ота-боболаримиз қадимдан бебаҳо бойлик бўлмиш илму маърифат, таълим ва тарбияни инсон камолоти ва миллат равнақининг энг асосий шарти ва гарови деб билганлар. Албата, таълим тарбия – онг маҳсули, бироқ айни вақтда онг даражаси ва унинг ривожини ҳам белгилайдиган, яъни халқ маънавиятини шакллантирадиган ва бойитадиган энг муҳим омилдир.
Шунингдек, Президентимиз И.Каримов таъбири билан айтганда, “Биз миллий маънавиятни ҳар томонлама юксалтириш масаласини ўз олдимизга асосий вазифа қилиб қўяр эканмиз, бугунги кунда маънавиятимизни шакллантирадиган ва унга таъсир ўтказадиган барча омил ва мезонларни чуқур таҳлил қилиб, уларнинг бу борада қандай ўрин тутишини яхши англаб олишимиз мақсадга мувофиқ. Таълим-тарбия тизими эса маънавиятни шакллантиришга бевосита таъсир қиладиган муҳим ҳаётий омиллардан биридир”.
Сўзга чиққанлар таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида ёш авлоднинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ҳуқуқий манфаатларини ҳар томонлама кафолатлаш давлат фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига биноан, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир.
Таълим олиш ҳуқуқининг конституциявий норма даражасида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши фуқароларимиз, хусусан ёш авлоднинг эртанги кунига бўлган масъулият, уларнинг таълим-тарбиясига ғамхўрликдан кўзланган асосий мақсад – пировард натижада келажак эгалари ва ҳаётимиз давомчилари бўлган баркамол авлодни тарбиялаш ва шакллантиришдан иборат.
Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни фуқароларга таълим, тарбия бериш, касб-ҳунар ўргатишнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи ҳамда ҳар кимнинг билим олишдан иборат конституциявий ҳуқуқини таъминлашга қаратилган муҳим қонун ҳужжатларидан биридир.
Шунинингдек, тадбирда ташкилотчилар томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги, шу жумладан таълим-тарбия, ижтимоий-маданий соҳалардаги туб ислоҳотлардан пировард мақсад – келажагимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг ҳам маънан, ҳам жисмонан камол топиб, жамиятда ўзларининг муносиб ўринларини эгаллашларига шарт-шароит яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг тўлиқ ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтдилар.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб бердилар.