Янгиликлар
Қонун ҳужжатлари ижроси аҳволи ўрганилди.
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси фаолиятида Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуни ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси бўйича ўрганиш ўтказилганда, айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Хусусан, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг 2017 йил 4 июлдаги 3-мҳ-сон қарори билан тасдиқланган Спорт турлари бўйича ягона спорт таснифи тўғрисидаги низом талабларига зид равишда бошқарма томонидан спорт таълим муассасаси раҳбари ва номзод мураббийи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг асослилигини тасдиқловчи кафолат хати ортиқча олинган.
Мазкур низомнинг 33-бандига кўра, спорт разрядини бериш тўғрисидаги тақдимномага илова қилиниши ҳужжатлар тўлиқ илова қилинмаган тақдирда, у рад этилади ва уни тақдим қилган ташкилотга рад этиш сабаблари кўрсатилган жавоб хати юборилади.
Бошқармага 2019 йил давомида келиб тушган спорт разрядини бериш тўғрисидаги тақдимномаларга Низомда белгиланган ҳужжатлар тўлиқ илова қилинмаган бўлсада, у рад этилмасдан, спорт разрядлари берилган.
Жумладан, Термиз ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати томонидан 2019 йил 27 августда берилган 01-9/177-сонли спорт разрядини бериш тўғрисидаги тақдимномада 17 нафар номзодга спорт разрядини бериш сўралган.
Ушбу тақдимномада кўрсатилган 17 нафар спортчига нисбатан уларнинг тренери томонидан берилган тавсифнома илова қилинмаган бўлсада, мазкур тақдимнома белгиланган тартибда рад қилинмасдан разрядлар берилган.
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддаси, тўртинчи қисмида жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадвали ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, қабул қилиш тартиби уларни давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек уларнинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади деб белгиланган бўлсада, қабул қилиш жадвали ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, қабул қилиш тартиби бошқарманинг расмий веб-сайтида эълон қилинмаган.
Қонуннинг 35-моддасига кўра, давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштиради ва таҳлил қилади.
Давлат органлари мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра маълумотномалар (шарҳлар) тузади, уларда мурожаатлар билан ишлашнинг умумий кўрсаткичлари, мурожаатларда тез-тез кўтарилган масалалар, мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича аниқланган асосий камчиликлар ва қоида бузарликлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш мақсадида кўрилган чора-тадбирлар акс эттирилади.
Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра тузилган маълумотномалар (шарҳлар) тегишли давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
2018-2019 йиллар давомида бошқармага келиб тушган мурожаатларнинг статистик ҳисоби юритилмаган ҳамда умумлаштиришлар ва таҳлил этиш ишлари олиб борилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5887-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистонда футболни 2030 йилгача ривожлантиришнинг янги босқичга олиб чиқиш концепциясини 2019-2020 йилларда амалга ошириш бўйича йўл хаританинг 29-бандида 2020 йил 1 январга қадар давлат таълим муассасалари, шу жумладан туман (шаҳар) болалар-ўсмирлар спорт мактаблари футбол бўлинмаларини футбол учун зарур бўлган анжом ва жиҳозлар билан таъминланганлигини ўрганиш белгиланган бўлсада, давлат таълим муассасалари, шу жумладан туман (шаҳар) болалар-ўсмирлар спорт мактаблари футбол бўлинмаларини футбол учун зарур бўлган анжом ва жиҳозлар билан таъминланганлиги белгиланган муддат бузилиб, 2020 йил 14 февралда ўрганилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1013-сонли қарорида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни электрон тизим орқали қабул қилиб олиш ва уларни раҳбарлар ва ходимлар эътиборига етказиш учун масъул шахс белгиланиши кўрсатилган бўлсада, бошқарма бошлиғининг буйруғи билан масъул шахс белгиланмаган.
Ўрганиш давомида аниқланган қонун бузилишлари ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилиб, ижроси назоратга олинди.
Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни
қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими